Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баёнот: Газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларига тўғри келади
18:57 / 2021-10-08

Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар истеъмолчиларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Мисол учун, газ таъминоти доирасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни беталафот ўтказиш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида умумий ишларнинг 96 фоизи бажарилди.

Жорий йилда газ тармоқларини тартибга келтириш бўйича режалаштирилаётган чора-тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида 283 мингта аҳоли хонадонларининг табиий газ таъминоти яхшиланади.

Хусусан, куз-қиш мавсумида табиий газ таъминоти бўйича юридик истеъмолчиларга 18 миллиард метр куб, аҳоли истеъмолчиларига эса 11 миллиард метр куб табиий газ етказиб берилади. Бу эса ўтган мавсумга нисбатан 3 миллиард метр кубга кўп демакдир.

Шунингдек, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 318 минг 600 тонна суюлтирилан газ етказиб берилади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 13 минг тоннага кўп.

Бироқ ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажми қанчалик оширилмасин, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларнинг энергия самарадорлигига эътибор берилмаса, кўрилаётган чоралар самарасини бермаслиги мумкин. Бунинг натижасида тармоқда узилиш ҳолатлари юзага келиши ва истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади.

Мисол учун, табиий ресурслардан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам тизимга катта миқдорда салбий таъсирини кўрсатади.

2021 йил 20-24 cентябрь кунлари ўтказилган ўрганишлар давомида республика бўйича табиий газдан 67 та ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Ушбу қисқа 4 кун ичида 1 миллион 379 минг метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилган. Таққослаш учун, ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 130 мингта хонадоннинг 1 кунлик газ истеъмолини ташкил қилади.

Ушбу ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.

Жорий йилнинг 9 ойида республика бўйича табиий газдан жами 2 минг 535 та ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Бунинг натижасида 86 миллион 923 минг метр куб ёки 77 миллиард 877 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Таққослаш учун ушбу миқдордаги ҳажм ҳозирги кунда 40 мингта хонадоннинг қарийб 1 йиллик истеъмолини ташкил этади.

Ҳурматли истеъмолчилар, халқ мулки бўлган энергия ресурсларидан қонуний, оқилона ҳамда тежамкорлик билан фойдаланишингизни сўраймиз, дейилади вазирлик видеобаёнотида.

Насиба Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА