Россиянинг Иркутск вилоятида жойлашган Байкал кўлида фожиа юз берди: муз узра ҳаракатланаётган автомобиль ёриққа тушиб, сув тубига ғарқ бўлди.
Оқибатда етти нафар хитойлик сайёҳ вафот этди. Бу ҳақда "Euronews" ёзган.
Маълумотга кўра, машина тақиқланган ҳудудга кирган. Музнинг юпқа қисмига тўғри келганда тахминан 18 метр чуқурликка шўнғиган.
Ҳодисада тирик қолган ягона инсон терговчиларга кўрсатма берган. Қурбонлар орасида ҳайдовчи, шунингдек бир оила — эр-хотин ва уларнинг 14 ёшли ўғли ҳам бор экан.
Ҳозир воқеа жойида қутқарувчилар ва ғаввослар ишлаяпти. Жасадлар шахси аниқланган. Ҳолат юзасидан хавфсизлик талабига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Қиш мавсумида Байкал сайёҳлар учун оммабоп манзилга айланади. Муз устида экскурсиялар, автомобиль йўлаклари ташкил этилади. Шамол, оқим ва ҳарорат ўзгариши сабаб муз қалинлиги баъзан кескин ўзгариши мумкин. Мутахассислар рухсат этилган йўналишдан чиқмаслик, хавфсизлик қоидасига қатъий риоя қилиш зарурлигини эслатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА