Байден ва Лапид музокараси ниҳоясига етди
Қуддусда Исроил Бош вазири Яир Лапид ва АҚШ Президенти Жо Байден ўртасидаги икки томонлама учрашув якунланди, деб хабар тарқатди Оқ уй матбуот хизмати.
“Биз Саудия Арабистони ҳақида, шунингдек узоқ вақтдан бери баҳс этиб келинаётган Яқин Шарқда хавфсизлик коалицияси тузиш тўғрисида гаплашдик”, деди Лапид.
Суҳбатнинг яна бир муҳим мавзуси Эрон ядро дастурига қарши ҳамкорлик эди. Исроил ҳукумати раҳбари таъкидлаганидек, томонлар Эрон “таҳдиди”ни, Теҳрон ядро қуролига эга бўлишининг олдини олишга қаратилган амалларни ҳам муҳокама қилишди.
Ўз навбатида Байден Лапидни Қўшма Штатлар Исроил хавфсизлигини қўллаб-қувватлашига ишонтирди. “Мен Исроилнинг минтақа интеграциясига қўшилиши муҳимлиги ҳақида гапирдим. Бу масалада ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак: биз сизнинг хавфсизлигингизни тўлиқ таъминлаймиз”.
Шундан кейин етакчилар икки давлат делегацияларининг кенгайтирилган йиғилишида қатнашдилар.
ЎзА