Байден Афғонистонга беш минг ҳарбийни жўнатмоқда
АҚШ президенти Жо Байден Афғонистонга беш минг аскарини жойлаштиришга рухсат берди. Ҳарбийларнинг вазифаси Афғонистондаги дипломатик миссиялар ходимларини олиб чиқишда уларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлади.
"Ҳарбийлар, дипломатлар ва разведка тавсияларига асосланган ҳолда АҚШнинг 5 минг аскарини Афғонистонга жўнатдим. Улар АҚШ ва иттифоқчиларимизнинг дипломатик корпус вакилларини ҳамда биз билан ҳамкорлик қилган афғонистонликларни мамлакатдан хавфсиз олиб чиқилишини таъминлайди", - дейилади Оқ уй матбуот хизмати томонидан тарқатилган Жо Байденнинг баёнотида.
Шунингдек, Жо Байден "Толибон" ҳаракатини Афғонистондаги америкаликлар ҳаётига хавф солса ҳарбий жавоб олиши ҳақида огоҳлантирди.
"Афғонистондаги америкаликлар ёки бизнинг миссиямиз хавф остига қўйилса АҚШнинг тезкор ва кескин ҳарбий жавобини олади", - дейилади баёнотда.