“Дийдор” театр-студиясида устоз режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев хотира куни муносабати билан Абдулла Қодирийнинг "Бахтсиз куёв" пьесаси асосида саҳналаштирилган спектакль премьераси бўлиб ўтди.
Абдулла Қодирийнинг ушбу асари ўз ғояси ва мавзуси бўйича бугун ҳам ўта долзарб саналади. “Бахтсиз куёв” асари тўйларда ортиқча ҳашамат ва чиқимдорликка берилиш, бойликка ҳирс қўйишдек иллатлар аямасдан фош этилгани билан ғоят қадрли. Тўй-тадбирларда ҳаддан ортиқ пул сарфлаш, исрофгарчилик, “бўғзигача” қарзга ботиш келин-куёвларни том маънода бахтсиз қилмоқда.

–Устоз Баҳодир Йўлдошевнинг таваллуд кунлари ёки хотира кунларида яхши спектакллар премьераси, намойишини ўтказиш хайрли анъанага айланган, – деди “Дийдор” театр-студиясининг бадиий раҳбари, таниқли санъаткор Бобур Йўлдошев. – Бундай ёндашув устознинг ҳаётий қарашларига ҳам, театр мухлисларига ҳам мос келади.

Спектаклни польшалик режиссёр Мачей Виктор саҳналаштирган. Саҳна декорацияларини сценограф-рассомлар Бобур Исмоилов, Доно Ғаниевалар ишлаган. Либослар бўйича рассом Ҳилола Шер.
Саҳна рақсларини Анна Тренина яратган. Спектаклдаги мусиқалар композитор Дмитрий Янов-Яновский томонидан танланган ва ишлов берилган.
Ролларни Отабек Искандаров, Ирода Қосимова, Фарҳод Абдуллаев, Аҳрор Алижонов, Карим Мирҳодиев, Ҳусанбой Мамашарипов, Умид Узоқов, Фарҳод Зокиров, Севинч Аллаберганова, Ҳилола Ғайратова, Дилнора Эрматова, Меҳрибон Аҳадова ижро қилган.
"Дийдор" театр-студиясида хориждан режиссёрларни чақириб, спектакль саҳналаштириш анъанага айланиб бормоқда. Охирги тўрт йил мобайнида тожикистонлик режиссёр Барзу Абдураззоқов, Россиянинг Саха театри режиссёри Сергей Потапов, Александр Смирнов, Александр Патрушев таклиф қилинди. Театрнинг навбатдаги янги мавсумида москвалик режиссёр Герман Садченковни ижодий ҳамкорликка чақириб, янги спектакль саҳналаштириш режалаштирилган.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири