Учкўприк туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Олмосхон Иноятова 2022 йил 17 август куни тез тиббий ёрдам машинасида Фарғона шаҳрига бемор аёлни олиб кетаётган пайтида автоҳалокатга учрайди. Унга ТМEКнинг кўрик далолатномасига кўра, 70 фоиз соғлиғини йўқотганлиги ва 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланади. Аммо иш берувчининг масъул ходимлари Меҳнат кодекси талабларини етарли даражада билмагани сабабли Олмосхон Иноятовага қонунда белгиланган товон ва зарар тўловларини тайинлаш тўғрисидаги муассаса буйруғи чиқарилмайди ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилган суғурта компанияси эса бахтсиз ҳодиса ҳужжатларини етарли эмаслигини баҳона қилиб, суғурта тўловларини тўлашни кечиктириб келади.
Жабр кўрган ҳамширага ёрдам кўрсатиш мақсадида, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспекцияси рўй берган бахтсиз воқеани атрофлича ўрганиб чиқди. Ўрганишлар давомида бахтсиз ҳодиса оқибатида жабрланувчига тўланиши керак бўлган товон ва зарар тўловлари миқдори аниқланади. Иш берувчининг мазкур тўловларни тўлаш тўғрисидаги буйруғи чиқарилди ва суғурта компаниясига бахтсиз ҳодисани суғурта ҳодисаси деб тан олишни сўраб, инспекциянинг кўрсатма хати киритилади. Ҳолат бўйича, Меҳнат инспекцияси томонидан иш берувчи ва суғурта компанияси вакиллари ўртасида икки ой давомида олиб борилган музокара ва тортишувлар натижасида, касаба уюшмалари инспекциясининг аралашуви билан суғурта компаниясидан жабрланувчи Олмосхон Иноятовага 58 млн. 967 минг сўм товон ва зарар пуллари ундириб берилди.
Равшан ФОЗИЛОВ,
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика
Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори