Бухоролик Нигина 1997 йили оила қурди. Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Кексалар айтганидек, турмушнинг ўзига яраша мушти бўлади. Нигина турмушининг илк кунлариданоқ зўравонликларга дуч келди. Йиллар давомида руҳий, иқтисодий босим остида яшади.
Ачинарлиси, кўрган азоб-уқубатлари натижасида тўрт нафар фарзанди нобуд бўлди. Нигина ёлғиз қизи учун яшашни истади, лекин синовлар олдида ожиз қолди ва бир неча бор жонига қасд қилишга ҳам уринди. Турмуш ўртоғининг хўрлаши оқибатида саккиз ой давомида кўча-кўйда ва яқинлари орасида сарсон бўлиб яшашга мажбур бўлди.
Шундай оғир дамда, маҳалла ижтимоий ходими унинг ҳолидан хабар топди ва керакли чораларни кўрди. Нигинага Бухоро шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази орқали психолог ва ҳуқуқий масалаларда эксперт маслаҳатчи хизматлари таклиф этилди. Натижада унинг руҳий ҳолати яхшиланди, ҳаётга бўлган ишончи ва қизиқиши ортди.

Ҳуқуқий маслаҳатчилар ёрдами билан турмуш ўртоғининг йиллар давомида етказган зўравонлик хатти-ҳаракатлари юзасидан судга даъво аризаси киритилди. Натижада, Нигинанинг даъвоси қаноатлантирилди ва унга етказилган маънавий зарар бўйича компенсация пули ундириладиган бўлди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ўз фаолияти давомида шу ва шу каби оилаларга чиндан кўмакчи бўлмоқда. Бу инсонга унинг ҳуқуқларини англашга ва ўз ҳаёти давомида бахтли яшашга ҳақли эканлигини англашда асосий суянч бўлмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.