Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Хива шаҳрида яқинда бўлиб ўтган Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форумида иштирок этган Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Бахтиёр Алиев халқимизни мустақиллигимизнинг 34 йиллиги билан табриклади.
– Ўзбекистонга биринчи келишим, – деди Бахтиёр Алиев. – Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари йилдан йилга юксалмоқда. Буни давлатларимиз раҳбарларининг самимий ва ишончли муносабатлари, Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга, Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга ташрифлари самараси, десак муболаға бўлмайди. Шубҳасиз, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўтган 34 йил мобайнида улкан тараққиёт ва ислоҳотлар йўлини босиб ўтди. Бу даврда мамлакат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда барқарор ривожланди. Минтақада ва халқаро майдонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.
Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар тарихий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида мустаҳкамланмоқда. Иқтисодий алоқалар, маданий-гуманитар ҳамкорлик, таълим ва транспорт соҳаларидаги кенг кўламли ташаббуслар икки ўлкани янада жипслаштирмоқда.
Истиқлол байрами — бу нафақат давлатчиликнинг мустаҳкамланишини нишонлаш, балки янги марраларга интилиш, улкан мақсадларга етишиш йўлидаги интилишларни ҳам ифодалайди.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек қардошларимизни энг улуғ айём — Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчага тинчлик, соғлиқ, барқарорлик ва равнақ тилайман.
М.Пирматова,
ЎзА