Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахтимиз қомуси
17:07 / 2020-12-04

Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг асосий қонунида мустаҳкамлаб олади.

Бизнинг Бош қомусимиз жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, юртимиз фуқаролари тенглиги кафолатланишини эътироф этиб, замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”нинг 11-бандида аҳоли, шу жумладан, болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлашга оид танловларни ўтказиш, уларнинг ғолибларини шоирлар, актёрлар, ёзувчилар, жамоат арбоблари иштирокида мукофотлашни ташкил этиш вазифаси топширилган.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзусидаги китобхонлик танлови ўтказилди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мутасадди ходимлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчи ҳамда талабалари, миллий маданий марказлар фаоллари қатнашди.

Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев Бош қомусимизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва аъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши муҳрлаб қўйилганлигига эътиборни қаратди. Яратилган ҳуқуқий база мамлакатимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг барча конституциявий ҳуқуқлардан фойдаланишни кафолатлашга хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Анжуман давомида барча иштирокчилар танлов шартлари асосида ўз билимларини синовдан ўтказди. Жараён ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Тадбир якунида танлов ғолиблари эълон қилиниб, ғолиблар ташкилий қўмитанинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.