English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахт ва эркнинг мағрур куйчиси
17:26 / 2023-06-06

Ҳар йили мамлакатимизда 6 июнь – улуғ рус шоири Александр Сергеевич Пушкин таваллуд топган кун сифатида кенг нишонланади.

Пойтахтимизда атоқли шоир А.С.Пушкин таваллудининг 224 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий тадбир ўтказилди. Ушбу адабий тадбир Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Рус маданий маркази каби ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир аввалида шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.  

Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ ва бошқалар мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларининг адабиётнинг мўъжизакор оламидан баҳраманд бўлиши учун зарур шароитлар тўлиқ яратилганини таъкидлади.  

– Александр Сергеевич Пушкин наинки ўз халқи, балки бутун башариятга тааллуқли ижодкордир, – деди Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, таниқли шоир Нодир Жонузоқ. – Ўзбекистонда ҳам ҳар йили Пушкин таваллуд топган сана адабиёт байрами сифатида кенг нишонланади. Ушбу айёмга ўзбек ижодкорлари ўзига хос туҳфалар – адабий ижодий мақолалари, шеърий ва насрий битиклар, янги таржималари билан келадилар. Александр Сергеевич Пушкин – миллионлаб адабиёт мухлислари қалбига ҳароратли сатрлари, мағрур овози кириб борган ижодкор. Унинг асарларида инсоннинг эрки, бахти ва саодати, орзу-армонлари, муҳаббат ва садоқат тараннуми жозибали ва таъсирчан тарзда улуғланади. Пушкин асарлари, авваламбор, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби маърифатпарвар жадид боболаримиз томонидан она тилимизга бетакрор шарқона оҳангларда таржима қилинган. Мумтоз шоирнинг беназир ижоди ҳали ҳануз умумбашарий тараққиётга, эзгуликка хизмат қилиб келмоқда.

Дарҳақиқат, ўзбек ижодкорларининг беназир таржимаси сабабли Пушкин ижодиёти ўзбек китобхонига янада яқинлашди. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Пушкин ижодиёти Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом ва бошқа ўзбек шоир ва адиблари томонидан катта маҳорат билан она тилимизга ўгирилган. Шоир асарларини ўзбек китобхонига тобора кўпроқ яқинлаштиришда Эркин Воҳидов, Жуманиёз Жабборов, Абдулла Орипов сингари устоз ижодкорларнинг ҳиссаси айниқса катта. Кейинги йилларда Пушкиннинг шеър ва достонлари Минҳожиддин Мирзо, Рустам Мусурмон, Ҳумоюн Акбар ва бошқа кўплаб ижодкорлар томонидан фаол таржима қилинмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда “Рус адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигининг нашр этилиши ҳар икки халқ адабий алоқаларида ўзига хос ўрин эгаллайди. Мазкур тўпламнинг икки жилди Александр Сергеевич ижодига бағишлангани мамлакатимизда Пушкин ижодига бўлган эътиборнинг, эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.

Тадбирда Пушкин ижодидан намуналар янгради. Фаол ва изланувчан ижодкорлар тақдирланди.  

Н.Усмонова, ЎзА