Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахт ўзи нимадир: уни узоқдан қидирганлар адашади
10:44 / 2023-03-07

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси 2011 йили ташкилотга аъзо мамлакатларнинг бахтлилик даражасини аниқлаш мақсадида резолюция қабул қилган эди. 2012 йил 2 апрелда эса Бутан давлатининг бош вазири Жигме Тинли раислигида БМТнинг «Бахт ва фаровонлик: янги иқтисодий парадигмани белгилаш» мавзусидаги биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Шундан сўнг 2012 йилдан бошлаб, БМТ барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи томонидан жаҳон бахти индекси (World Happiness Report) яратилиб, у ҳар йили эълон қилиб борилади. Бунда 146 та давлатнинг ялпи ички маҳсулоти, умр кўриш давомийлиги ва ҳаёт сифатининг бошқа кўрсаткичлари каби омилларга қараб, бахтлилик даражалари аниқланади.

Масалан, 2023 йилда Финляндия давлати кетма-кет олтинчи йил жаҳоннинг энг бахтли мамлакати, деб эълон қилинди. Кучли учликни эса Дания ва Исландия эгаллаган. Бу рейтингда Ўзбекистон 2021 йилда 146 давлат орасидан 53-ўринни эгаллаган бўлса, 2023 йил 13 февралда аниқланган рейтингда 41-ўринга кўтарилди. Мазкур рейтингни аниқлашда юқоридаги кўрсаткичлардан ташқари, фуқароларнинг адолатсизлик қурбони бўлиши, коррупция ҳақидаги тасаввурлари, саховатлилиги, ҳаётий қарорлар қабул қилиш эркинлиги, соғлом турмуш тарзи яратилганлиги, ижтимоий қўллаб-қувватланиши, яъни, мамлакат аҳолисининг бир-бирига қанчалик кўп ёрдам кўрсатаётгани, қашшоқлик даражалари эътиборга олинади.

Бу дунё давлатлари томонидан бахт нималигини аниқлаш мумкин бўлган кўрсаткичлардир. Аммо, бизнинг халқимизда бахт ҳисси ўзгача бўлиб, унга ҳар кимнинг ўз таърифи бор. Шоирлар бахтга атаб шеърлар битган бўлса, ёзувчилар ҳикоя, асарлар ёзишган. Демак, ким учундир молу давлат бахт, бошқа биров фарзанд кўришни толе санайди. Ёш йигитлар уйланишни, қизлар эса турмушга чиқишни орзу қилади. Очликдан азоб чекаётган бир бурда нон топилган онни, ҳаловатини йўқотган эса тинчликни ҳеч бир неъматга алишмаслиги аён. Ота-она фарзандлари камолидан бахтиёр, мусофир юрти, яқинлари дийдоридан масрур. Бахт ҳар бир одамнинг атрофида – уни ўраб туради. Хуллас, бахт инсоннинг ички кечинмасида яшайди. Уни йироқдан излаганлар доим адашган – бахтидан узоқлашганини кеч англаган.

АЁЛ БАХТИ

Аёл бахти нимада ёки бахтини қандай тасаввур этади? Унинг бахтли бўлиши ташқи муҳитга боғлиқми? Қачон ўзини бахтли ҳис қилади? Каби саволлар билан асл бахтнинг мазмунини таҳлил қилсак.

Аксарият аёллар бахтни фарзандлик бўлишда, яъни оналик бахтида, деб қарайди. Унда фарзанд кўрмаган аёл бахтсизми? Айримлари билан суҳбатлашганимизда, ўзини бахтсиз ҳисобламаслигини, оналик бахтига эриша олмаганини билдирди. Улар бахт аслида яхши турмуш ўртоқ насиб этганида, деб фикрини аён этди. Ҳа, азалдан никоҳ тўйларида халқимизнинг дуосида «бахтли бўлишсин», дея, Яратгандан сўралади. Бу сўз онгимизга шундай сингиб келган. Эр-хотин аҳил-иноқликда яшаши бахтнинг бош асоси, деб қаралган. Аёлнинг чинакам бахти унга эътибор ва меҳр берилишида ҳам деб айтилади.

Давлатимиз раҳбарининг маърузаларида кўп бора «Аёл бахтли бўлса, давлат ва жамият ривожланади», дея таъкидланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони 2-иловаси «2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси»нинг 105-бандида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли ахборотлар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар, аёлларни залолатга бошловчи бузғунчи ғояларга қарши соғлом дунёқарашни шакллантириш мақсадида «Аёл бахти» лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланди.

Мазкур вазифа доирасида бугунги кунда Республика Маънавият ва маърифат маркази асосий ижрочи, ЎзМТРК, ЎзА, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳам бир қатор ишларни амалга оширмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида аёлларнинг бахти нимада акс этиши мумкинлиги ўрганилди. Шу асосда «Аёл бахти» рукни19:31остида кўрсатув тайёрлаш учун сценарий лойиҳаси тайёрланмоқда. Ушбу лойиҳа бўйича Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтида ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди.

Унга кўра, кўрсатувни номлаш, унинг формасини шакллантириш, қаҳрамонларини танлаш, ёритишда фойдаланиш услублари келишилди. Ҳар бир масъул ташкилот вакиллари томонидан таклифлар эшитилди. Шунингдек, кўрсатув тайёр бўлгач, уни оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда намойиш этиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Умуман, бахт – инсон ҳаёт тарзи, унга қилинган эзгулигу ёвузлик, дунёда дуч келган қийинчиликлари-ю орзулари рўёби, камбағаллиги-ю бойлиги йиғиндиси. Шундан ҳам айтиш мумкинки, бу ёруғ оламда инсон бўлиб туғилишнинг, одам бўлиб яшашнинг ўзи – бахт!

У мураккаб тушунча. Бахт туҳфа қилинмайди. Сунъий яратилмайди. Қўл билан ушлаб, кўз билан кўриб бўлмайди. Унинг шаклу шамойили ҳам, маза-таъми ҳам йўқ. Унинг ранги, ифори йўқ. Бахт – амаллар, ҳолатлар мажмуики, фақат ҳис этилади. Юракдан. Ақл кўзи билан. Шукр билан.

ИНСОН ТАСАВВУРИ...

Демак, инсонларнинг тасаввуридаги бахтлар кўп ва уларнинг аксарияти вақтинчалик аҳамият касб этиб, ундан ажралиб қолиш хавфи бор. Масалан, молу дунёнинг охири бор – ундан бир зумда айрилиб қолиш мумкин. Фарзанди туғилганида қувониб, уни йўқотганидан куйганлар бор. Йиллар орзу қилиб етишган ёридан айрилганлар ҳам бисёр... Аммо инсонийлик бахти мустаҳкам. Шукроналик эса инсоний бурчдир. Кўриниб турганидек, бахт ўзини асрашни, авайлашни, керак бўлса, бурч ва садоқатни талаб қилади. Муайян мажбуриятларни шарт қилади. Акс ҳолда, инсон ўз қиёфасини йўқотади. Шаҳвоний ҳирс, ҳайвоний ҳислар ғолиб келиб, одам боласига хос бўлмаган хатти-ҳаракатларни қила бошлайди. Бу ҳуқуқшунослик тилида жиноят, дин нуқтаи назарида гуноҳ саналади. Аслида, улардан сақланишнинг ўзи ҳам бахтдир.

Бу ўринда вақт, яъни умрни мазмунли ўтказиш алоҳида эътиборга молик ҳисобланади. Қандай яшаш – ҳар кимнинг иши. Мана шу танловлар бахт формулаларини ҳосил қилади ва улар ранго-ранг, бетакрор. Худди бармоқ изидек. Ҳар кимнинг ўз бахти ва табиийки, ўз бахтсизлиги бор.

Ҳар не бўлганда ҳам, очлик бахтидан тўқлик, камбағаллик бахтидан бойлик, жоҳиллик бахтидан олимлик, танҳолик бахтидан жуфтлик, беморлик бахтидан соғлик афзал. Мана шу афзалроқ бахтларга интилиш ҳам бурч. Зеро, шундагина жамиятга, халқига манфаат келтириш мумкин.

Яна бир гап. Ўзини бахтиёр санагувчи инсон уни ҳис қилиши, ғанимат билиши, сақлаб қолишга интилиши зарур. Шунда у қўлдан чиқиб, бахтсизликка айланмайди.



 

Мунира Қаҳҳорова,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти

директори ўринбосари, фалсафа доктори