Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан мамлакатимиз болалар мусиқа ва санъат мактабларида “Бахшичилик ва анъанавий хонандалик ҳафталиги” ташкил этилди.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда бахшичилик ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Халқаро фестиваллар, анжуманлар ўтказиш яхши анъанага айланди. Бахшилар халқ турмуши ва маданиятини, ўзи яшаб турган юрт тарихини пухта билиши, созандалик, хонандалик санъатини пухта эгаллагани билан эътиборга моликдир. Уларнинг маҳорати жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдалана олишларида яна бир карра намоён бўлади. Зеро, тингловчиларни ром этувчи оҳанг топа билиш, достонни жозибали ва қизиқарли қилиб айтиш достон айтиш бахшичиликнинг муҳим шартидир. Бу эса, ўз навбатида табиий истеъдод, кучли идрок, мунтазам равишда қунт ва чидам билан машқ қилишни талаб этади.
Мутахассисларга кўра, она-юртга садоқат, муҳаббат, дўстлик, биродарлик, қаҳрамонликни тараннум этувчи хилма-хил мазмундаги достонларни бахшилар севиб куйлайдилар. Манбаларда Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билгани келтирилади. Бахшиларнинг ўткир зеҳни, юксак ижро маҳорати, она тилимиз имкониятларидан заргарона фойдаланиш салоҳияти таҳсинга лойиқ. Наврўз айёми арафасида бахшилар иштирокидаги дастурлар, айтишувлар янада авж олади. Ўзбекистон халқ бахшилари Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши Умиров, Абдуқаҳҳор ва Абдумурот Раҳимовлар, Шомурод Тоғаев, Зиёдулла Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметов, Қодир бахши Раҳимов бетакрор ижролари билан бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Юртимизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, ҳамда Қорақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланади.
Маданият вазирлиги томонидан мамлакатимиз болалар мусиқа ва санъат мактабларида “Бахшичилик ва анъанавий хонандалик ҳафталиги” доирасида ушбу бебаҳо санъат йўналишлари ҳақида ёш мусиқачиларга янада батафсилроқ маълумотлар берилади. Турли танловлар, очиқ дарслар, маҳорат сабоқлари, концертлар, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Н.Усмонова,
ЎзА