Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахши мероси асраб-авайланади (+видео)
15:48 / 2023-12-14

Ўзбек халқ достончилиги, бахшилик анъаналари ҳақида гап кетганда улуғ оқин Фозил Йўлдош ўғли номи алоҳида ҳурмат билан тилга олинади. Фольклоршунос олим Тўра Мирзаевнинг ёзишича, Фозил Йўлдош ўғли 1872 йилда Жиззах вилояти Бахмал тумани (ҳозирда Булунғур тумани) Лойқа қишлоғида туғилган. Ўзбек халқ шоири, бахши.

Булунғур достончилик мактабининг энг йирик ва сўнгги вакили. Йўлдош Мулла Мурод ўғлининг шогирди. 20 ёшларида устози Йўлдош шоирдан достончилик сирларини ўрганган. Ёш бахши халқ ўртасида устози уюштирган синовдан муваффақиятли ўтиб, 25-26 ёшларида етук достончи сифатида танилган. 

 Фозил Йўлдош ўғли Амин шоир, Чини шоир, Товбузар шоир, Қурбонбек шоир, Султонмурод шоир, Йўлдош булбул, Йўлдош шоир, Қўлдош, Суяр каби Булунғур достончилик мактабининг пешқадам достончиларидан адабий анъанани қабул қилиб олган, уни пухта эгаллаб, бадиҳагўйлик билан бойитган ва ўзбек достончилигини янги босқичга кўтарган. 

– Фозил Йўлдош ўғли ёшлигида отасидан айрилиб, етим қолади ва онаси билан кўп қийинчиликларни бошидан ўтказади, – дейди Булунғур туманидаги Фозил Йўлдош ўғли уй-музейи раҳбари Нодир Раҳимов. – Одамларнинг чорвасини боқиб, тирикчилик қилади. Лекин ёшлигидан достончиликка ҳавас қўйган, дўмбира чертиб термалар айтган. Ана шу иқтидори туфайли Булунғур достончилик мактаби вакилларидан бири бўлган Йўлдош Мулла Мурод ўғлининг назарига тушади. Унинг таълим-тарбиясини олиб, бахшиликни мукаммал ўрганади. Шу боис Фозил Йўлдош ўғли номи билан элга танилган. Фозил бобо 40 дан ортиқ халқ достонларини ёддан билган бўлса-да фольклоршунос олимлар, шоир ва ёзувчилар у кишидан “Алпомиш”, “Авазхон”, “Баҳром ва Гуландом”, “Ёдгор”, “Кунларим”, “Муродхон”, “Гўрўғли”, “Зулфизар билан Аваз”, “Балогардон”, “Очилдов”, “Жаҳонгир”, “Зевархон”, “Лайли ва Мажнун”, “Ошиқ Ғариб” каби 33 та достонни ёзиб олишга эришган. 

Таъкидланишича, “Алпомиш” достонининг ўзбек халқ достончиларидан ёзиб олинган 40 га яқин варианти орасида Фозил Йўлдош ўғли варианти энг мукаммали ҳисобланади. Отам – Мелибой Раҳимов қишлоқнинг зиёли кишиларидан бўлгани боис Фозил бободан кўп достонлар, ривоятлар эшитган, айримларини қоғозга туширган. Шунингдек, бахшининг ҳаёти, ижоди билан боғлиқ кўп маълумотларга эга эди. 1955 йилда бахши оламдан ўтганидан сўнг, унинг меросини асраб-авайлаш, уй-музейини ташкил этишга бош-қош бўлди. Умрининг охиригача шу йўлда хизмат қилди. Ўтган аср тўқсонинчи йиллари охирида, ўша пайтдаги совхозимиз идораси ёнида кичик уй-музей ташкил этилгунга қадар бахшига тегишли ашёларни гоҳ масжид, гоҳ мактабда сақлаб юрган. Лекин йиллари ўтиши билан кириш зали ва учта ичма-ич хонадан иборат бу бино музей талабларига жавоб бермай қолди, ашёларни сақлаш ва намойиш этиш учун етарли имконият йўқ эди. 

[gallery-15064]

Давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра, ўтган йил Самарқандда бахши шоир Фозил Йўлдош ўғли таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан улуғ оқин туғилиб ўсган Булунғур тумани марказидаги хиёбонда ўрнатилган ҳайкали атрофида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Бахшининг ҳайкали ортидаги иншоот барельеф жанридаги ижод намунаси билан безатилди. Айни пайтда Фозил Йўлдош номи билан аталувчи маҳаллада эски музей ўрнида замонавий уй-музейи ва хиёбон барпо этилди. Маданият уйи ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаби таъмирланди.

– Музей замонавий лойиҳа асосида бунёд этилди ва бу ерда бахши ҳаёти, адабий мероси ҳақида маълумот бериш, тарихий ашёларни намойиш этиш учун қулай шарт-шароит яратилди – дейди Нодир Раҳимов. – Музейга киришингиз билан Фозил Йўлдош ўғли куйлаган достонлар асосида ишланган танг-тасвир ишига кўзингиз тушади. Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Нуриддин Калонов томонидан чизилган бу суратларда достон қаҳрамонлари ва лавҳалар, бадиий безаклар акс этган. Музей бир неча бўлимларга бўлинган бўлиб, дастлаб Фозил Йўлдош ўғли сафдошлари бўлган Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир ва Пўлкан шоир ҳаёти, ижоди ҳақида маълумот берилади. 

Шу ўринда таъкидлашим керак, худди шу каби уй-музейи бундан икки йил аввал Қўшработ тумани Қўрғон қишлоғида Эргаш Жуманбулбул ўғли шарафига бунёд этилган эди. Айни пайтда мазкур лойиҳа асосида Нарпай ва Каттақўрғон туманларида Ислом шоир ва Пўлкан шоир уй-музейларини ташкил этиш ҳаракати бошланган. Бу албатта, кейинги йилларда юртимизда бахшилик санъатини ривожлантиришга қаратилган эътибор самараси бўлмоқда. Музейнинг асосий ашёлари Фозил Йўлдош ўғли ҳаёти, адабий меросига оид ноёб экспонатлар, сурат ва китоблар, Булунғур тумани тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналаримизни ўзида акс эттирган буюмлар, қадимий топилмалар ҳисобланади. Бу ашёларга музейда кенг ўрин берилган. Айниқса, Фозил бобонинг доимий ҳамроҳи бўлган, юзлаб достонларни куйлаган дўмбираси, туя жунидан тикилган тўни, эгар ва яна бошқа уй-рўзғор буюмлари музейга келадиган ҳар бир кишида катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Йиллар ўтгани сайин бу буюмларнинг бадиий қиммати ҳам ошиб бормоқда. Шунингдек, музейда Булунғур тумани ҳудудидан топилган қадимий сопол буюмлар ва ноёб археологик ашёлар, туман номини бугун дунёга танитаётган “Чавқи” фольклор этнографик ансамбли тарихи ва бугунига оид маълумотларга кенг ўрин берилган. Ўз навбатида Фозил Йўлдош ўғли адабий меросини ўрганган ва тарғиб этган инсонлар, шоир ва ёзувчилар ҳақида ҳам маълумотлар берилган, уларнинг асарлари жойлаштирилган. Фозил Йўлдош номи билан боғлиқ бу жойлар бугун нафақат булунғурликлар, балки ўзбек халқ достончилиги, бахшилик анъаналарига қизиқувчилар, ёшлар учун чинакам маърифат масканига айланди. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/MiueGhWeJdA" title="Baxshi merosi asrab avaylanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (видео, сурат), ЎзА мухбирлари