Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахмалликлар орзуси амалга ошди
14:15 / 2025-09-02

Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Гулистон туманининг “Бахмал” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун қувончли янгилик рўй берди. 10-сонли умумтаълим мактаби қошида барпо этилган замонавий фаоллар зали фойдаланишга топширилди.

162 ўринга мўлжалланган янги иншоот нафақат мактаб тадбирлари, балки маҳалланинг турли йиғилишлари ва маданий маросимларини ўтказишга ҳам хизмат қилади.

Лойиҳа учун 1 миллиард 250 миллион сўм маблағ йўналтирилди. У “Ташаббусли бюджет” дастурининг 2024 йил биринчи босқичида 2 минг 118 нафар фуқаронинг овози билан ғолиб деб топилган эди. Кўп ўтмай ғоя ҳаётга татбиқ этилди ва маҳалла аҳли орзуси рўёбга чиқди.

Очилган залнинг тақдимот маросимида туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев, маҳалла нуронийлари, фаоллар, педагоглар ва ўқувчилар иштирок этди. Тадбирда таъкидланганидек, янги зал бахмалликларнинг бирдамлиги, юртига меҳр ва садоқатининг ёрқин ифодаси сифатида аҳамиятга эга.

– Бу маскан халқ бирлиги ва ҳамжиҳатлигининг рамзидир. Энди бахмалликлар ҳам таълим, ҳам маданий-маънавий тадбирлар учун муносиб шароитга эга бўлди,  – дейди маҳалла фаоли Абдураҳмон ота Абдимўминов.

Мутахассислар фикрича, “Ташаббусли бюджет” ташаббуси нафақат маҳаллий муаммоларни ҳал этишга, балки аҳоли ижтимоий фаоллигини ошириш, бунёдкорлик ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири