Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахмаллик қизлар республика финалида (+видео)                                             
09:20 / 2026-03-07

Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги 48-сонли умумтаълим мактаби ўқувчи қизларидан ташкил топган футбол жамоаси “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.

Вилоят босқичида шаҳар ва туманлардан жами 13 та жамоа иштирок этди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда бахмаллик ўқувчи қизлар жамоавий ўйин, матонат ва ирода намойиш этиб, биринчи ўринни эгаллади ва шу тариқа республика финали йўлланмасини қўлга киритди.

Бахмал туманидаги 48-сонли мактаб жамоаси нафақат таълимда, балки спорт соҳасида ҳам фаоллиги билан ажралиб туради. Мактабда 90 нафар педагог меҳнат қилади. Уларнинг 18 нафари олий, 21 нафари биринчи тоифали ўқитувчилардир. Таълим сифати ҳам юқори: 2024–2025 ўқув йилида битирувчиларнинг 55 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинган.

Мактаб ўқувчилари турли танлов ва мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиб келмоқда. Жумладан, “Энг яхши хорижий тил мактаби” кўрик-танловининг туман босқичида жамоа 2022 йилдан буён ғолибликни сақлаб келмоқда. “Ҳуқуқ-маърифий билимдони” танловида эса вилоят чемпиони бўлиб, республика босқичида иштирок этган.

Спортда ҳам ютуқлар бор. Кураш, футбол ва шахмат бўйича ўқувчилар республика босқичларида иштирок этган. Энди эса мактабнинг ўқувчи қизлари футболдаги ғалабаси билан барчани қувонтирмоқда.

Айни пайтда жамоа республика финалига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. 

— Қизларимиз жуда интизомли ва меҳнаткаш, — дейди жамоа мураббийи Бахтиёр Шодиёров. — Вилоят босқичидаги ғалаба уларни янада руҳлантирди. Ҳозир республика финалига пухта тайёргарлик кўряпмиз. Қўшни туманлар жамоалари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказяпмиз. Асосий мақсадимиз — муносиб ўйин намойиш этиб, вилоят шарафини ҳимоя қилиш.

Жамоа тайёргарлиги маҳаллий мутасаддилар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Бахмал тумани ҳокими Азиз Эргашев томонидан қизлар жамоасининг машғулотлари ва мусобақага тайёргарлигига амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу эса ёш спортчиларнинг ишонч ва ғайратини янада оширмоқда.

Наврўз байрамидан кейин Термиз шаҳрида бошланадиган мусобақанинг республика финал босқичида бахмаллик қизлар муносиб иштирок этиб, Жиззах вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилади деган умид бор.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/n-Y9c9PUzwI" title="Baxmallik qizlar respublika finalida                                      " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>



Абдужалол Қаюмов (видео, сурат), ЎзА