Жиззах вилоятининг Бахмал тумани хорижий инвесторлар эътиборини тортаётган ҳудудлардан бири сафидан ўрин олмоқда. Табиий-иқлим шароити, ер ресурслари ҳамда қишлоқ хўжалиги салоҳияти билан ажралиб турадиган туманда навбатдаги инвестиция ташаббуси муҳокама марказида бўлди.
Хитой Халқ Республикасининг қишлоқ хўжалиги соҳасида ихтисослашган “Qingdao Wanlin Food” компанияси директори жаноб Ли Янтао бошчилигидаги 12 нафар инвестор Бахмал туманига хизмат сафари билан ташриф буюрди. Сафар давомида меҳмонлар “Музбулоқ”, “Ойқор”, “Ўрмончи”, “Сангзор” ва “Тонготар” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида бўлиб, мавжуд ер майдонлари, инфратузилма имкониятлари ҳамда маҳаллий меҳнат ресурслари билан яқиндан танишишди.

Маълумки, “Qingdao Wanlin Food” компанияси сабзавот етиштириш, доривор ўсимликлар ҳамда чорва озуқа экинлари ишлаб чиқариш йўналишида жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда. Компаниянинг илғор агротехнологиялари ва экспорт салоҳияти Бахмал тумани қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш имкониятини яратади.

Музокаралар жараёнида туман ҳудудидаги 500 гектар лалми ер майдонларида доривор ўсимликлар плантациясини ташкил этиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳа амалга оширилса, туманда янги иш ўринлари яратиш, ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий иқтисодиётни диверсификация қилишга хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, бундай инвестиция ташаббуслари нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини оширади, балки Бахмал туманининг инвестициявий жозибадорлигини янада мустаҳкамлаб, ҳудуднинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига замин яратади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири