Жиззах вилоятининг тоғли ҳудудида жойлашган Бахмал туманида аҳоли томорқаларини сув билан таъминлашда артизан қудуқларидан самарали фойдаланишмоқда.
Жиззах вилоятида етиштирилган мева ва узумнинг энг кўпи Бахмал тумани ҳиссасига тўғри келди. 2020 йилда 32 минг 370 тонна мева, 2 минг 870 тоннадан зиёд узум етиштирилган эди.
Бироқ туманда сув тақчиллиги асосий муаммо ҳисобланади. Айниқса Сангзор дарёси ва Туятор каналидан баландда жойлашган кўплаб қишлоқларда томорқаларни барқарор таъминлайдиган сув манбалари йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги «Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларига сув чиқариш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, сув чиқариш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қопланиши айни муаммонинг ечими бўлди. Шу мақсадида «Оқтош»қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 3 та, «Ойқор» ва «Ўсмат» биттадан ҳар бири 30 дан зиёд хонадонга мўлжалланган артизан қудуқларини ковлашга 578 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилди. Ушбу қудуқлар ишга тушиши натижасида 150 та хонадоннинг 22 гектар томорқа ери сув таъминоти яхшиланди.
Артизан қудуқларини ковлаш ишлари давом эттирилмоқда. 2021 йилда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш бўйича 60 та талабгорнинг манзилли рўйхати шакиллантирилган. Бу иш амалга оширилиши билан 209 гектар томорқа майдони сув таъминоти яхшиланади.
Тумандаги 30 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 26 минг 12 нафар томорқа ер эгаси ихтиёрида 5 минг 328 гектар экин экиладиган ер майдони бор. Туман ҳокимлиги томонидан томорқадан самарали фойдаланишга катта эътибор қаратаётгани туфайли 2021 йил баҳорида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларининг 3 минг 88 гектарига баҳорги экинларнинг асосий турлари экиб бўлинди.
Жумладан, 896 гектарга сабзавот, 959 гектарга картошка, 912 гектарга дуккакли ва 320 гектарга бошқа экинлар экилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда бу майдонларнинг асосий қисмига баҳорги экинлар экилди.
Туманда ташкил этилган 5 та «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти томонидан томорқа эгаларига уруғ, кўчат, иссиқхона, асалари уяси, парранда ва мотокультиваторлар етказиб берилмоқда.
– Ҳукуматимиз томонидан томорқа эгаларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани оиламизнинг фаровонлигини оширмоқда, – дейди «Оқтош» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ўрай маҳалласида яшовчи Зарифа Абдухалилова. – Ҳовли томорқамиз унча катта эмас. Ундан самарали фойдаланиш учун хандақ усулида иссиқхона қурганмиз. Қиш бўйи помидор, бодринг сотиб яхши даромад қилдик.
2021 йилда туманда аҳоли хонадонларида қўшимча 5 гектар ер майдонида 420 та иссиқхона қурилиши белгилаб олинган. Бугунги кунда 34 та иссиқхона қурилиб ишга туширилган. Жумладан 14 та намунавий лойиҳа асосида ҳамда 20 та маҳаллий хом ашёдан иссиқхона қурилди.
Т.Бекназаров, ЎзА