Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Жўм-жўм қишлоғида экстремал тоғ туризми бўйича халқаро чемпионат бўлиб ўтди.
Мусобақада Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Афғонистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан 200 нафардан ортиқ ёш спортчилар иштирок этишди.
Мусобақа яккалик, жуфтлик ва аралаш жамоа шаклида ташкил этилди. 24 та жамоа 4 асосий йўналишда – белгиланган масофани пиёда босиб ўтиш, велоспортчилар баҳси, белгиланган вақтда арқонга тирмашиб сойдан ўтиш ва чўқққига чиқиш бўйича беллашдилар.

Беллашувда Россия Федерацияси жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Самарқанд вилояти ҳамда Жиззах вилоятининг Бахмал тумани туризм коллежи ёшлари умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлишди. Қозоғистонлик спортчилар эса учинчи ўрин билан кифояланишди.

Мусобақанинг тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Эгамбердиев ҳамда Россия спорт туризми федерацияси аъзоси Юрий Калаевлар иштирок этишиб, ғолибларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА