Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахмалда боғдорчилик ривожланиб, янги ерлар ўзлаштирилмоқда (+видео)
10:29 / 2024-10-10

Жиззах вилоятининг Бахмал тумани Зомин, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Самарқанд вилоятининг Булунғур ҳамда Тожикистон Республикасининг Айний туманлари билан чегарадош бўлиб, умумий майдони 1,86 минг километр квадратдан иборат.

Бахмалликлар жорий йил учун туман бўйича белгиланган 8 миллион 760 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорти режасини ўтган 9 ой давомида 9 миллион 718 минг 900 АҚШ долларлик миқдорда амалга ошириб, режа амалда 175 фоизга бажарилди. Шундан экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари салкам 7 миллион АҚШ долларини ташкил этганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ҳали йил якунига етишига салкам 3 ой борлигини ҳисобга олсак, бу кўрсатгичлар янада ўсиши, шубҳасиз.

Бахмал туманини географияси, тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, учта– тепа, ўрта ва пастки ҳудудларга бўлиш мумкин. Денгиз сатҳидан 1500-2000 метр баландликда жойлашган тепа ҳудуд боғдорчиликка ихтисослашган бўлиб, бу ерда етиштирилаётган, дунёга донғи кетган Бахмал олмаларини нафақт туманнинг, балки республикамизнинг бошқа бирор жойидан топиш амримаҳол.  

[gallery-19659]

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг тумандаги кўплаб бўш ётган қир-адрларни ўзлаштиришга катта эътибор қаратилди.  

Хизмат сафаримиз давомида туманда қишлоқ хўжалиги борасида амалга оширилаётган ишларни “Ўрмончи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Холиқул ака Эргашев бошқараётган “Мадинабону Аҳмаджон қизи” масъулияти чекланган жамияти боғларидан бошладик.

2012 йил ўз фаолиятини бошлаган МЧЖ жамоаси бу қир-адирларга Ойқор тоғи этагидаги булоқ сувини қувурларга солиб олиб келган. Ҳозир 100 гектар майдондаги олмазор боғи айни ҳосилга кириб, йиғим-терим ишлари авж паллага чиққан.  

Ушбу боғда меҳнат қилаётган 50 нафар доимий, 150 - 200 нафар мавсумий ишчи олмазор боғида пишиб етилган юқори навли “жереми”, “голдон”, “пужир” каби серҳосил олма навларини териб, саралаб, махсус қутиларга қадоқлаш билан шуғулланаётганига гувоҳ бўлдик.  

Мазкур боғда барча агротехник тадбирлар томчилатиб суғориш сув тежамкор технологиялар асосида амалга оширилиб, йил давомида 17-18 маротабагача дорилаш, ерга ишлов бериш ва маҳсулотни ташиш ишлари “Мадинабону Аҳмаджон қизи” МЧЖга қарашли 12 дона махсус техника воситасида бажарилмоқда.  

Ҳар гектар майдондан ўртача 35 - 40 тоннадан териб олинаётган ҳосилнинг бир қисми экспортга, бир қисми ички бозорга ва учинчи қисми эса музлатгичли омборхоналарга сақлаш учун пешма-пеш жўнатилаётир.

Хизмат сафаримизнинг кейинги манзили Рустам ака Холиқов таъсисчилигида 2020 йилда ташкил этилган “Шарқ юраги” МЧЖ боғлари бўлди.

– Бизнинг “Шарқ юраги” МЧЖимиз асосан боғдорчилик ва кўчатчиликка ихтисослашган, – дейди ушбу жамият раҳбари Шаҳзод Ҳамидов. – Айни пайтда ўзлаштирган боғ майдонимиз 27 гектарни ташкил этади. Боғимизда  “жереми”, “голден”, “супер голден”, “гала”, “крепксон” каби 8 турдаги олма дарахтлари парвариш қилинмоқда. 10 кишини доимий иш билан таъминлаганмиз. Бу йилдан ниҳолларимизнинг бир қисми ҳосилга кирди. Ҳосилни териб олиш, дорилаш ва бошқа боғдорчилик ишларини амалга ошириш учун йил давомида 30 нафардан 50 нафаргача мавсумий ишчи жалб этамиз.  

Бундан ташқари, кўчатларни ҳар жойдан олиб келмай ўзимизда етиштираяпмиз. Бунинг учун Фарғона водийси ва Самарқанд вилоятларидан кўчатларнинг “матичник” (“М – 106” ҳам дейлади), яъни оналик ниҳолларини олиб келиб, кўчатчилик учун ажратган ерларимизга экдик ва боғимиздаги серҳосил юқори сифатли дарахтлардан пайванд шохлар олиб, пайванадлаш ишларини амалга оширганмиз. Ушбу кўчатларимиз тайёр бўлгач, тўртдан бир қисмини еримизни кенгайтириб ўзимиз экамиз, қолган кўчатларни сотишни режалаштирганмиз.

Шунингдек, Хитойдан “чёрний жемчужина” (“қора марварид”) навини олиб келиб, тажриба тариқасида 50 туп экдик. Бу кўчатларни денгиз сатҳидан 1800-2000 минг метр баландликка экишни режалаштираяпмиз. Чунки бу олма салқин жойда ўсади. Баландикда ҳарорат анча салқин бўлгани учун олма касалликка камроқ чалинади, ранги ҳам қопқора бўлиб, ялтираб туради. Транспортировка қилинганда узоқ муддат сифатини йўқотмайди, маза ҳам кириб бораверади, бозорларга олиб чиқилганда жуда ҳам харидоргир бўлади.

Келгусида боғ ва фаолиятимизни янада кенгайтириб, олмани қайта ишлаш ва қадоқлаш цехларини ҳам ташкил этишни, иш ўринлари сонини оширишни, экспортни йўлга қўйишни  режалаштирганмиз.

– Авваллари, шу ерларда бор-йўғи 2 – 3 киши ишлаб, улар ҳам ёлчитиб даромад ололмаган бўлса, муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан вақтинча ишсиз бўлган фуқароларни банд қилиш мақсадида ҳар бир оилага 0,5 гектардан 1 гектаргача майдон ажратиб берилди. Худога шукр, биз ишсизларнинг ҳам бағрига офтоб тегди, – дейди Барлос қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Облоқул Ҳайдаров. – Маҳаллий тадбиркор аукциондан бу жойни ютиб олиб, артизан қазиди, томчилатиб суғориш усулини йўлга қўйди, серҳосил помидор кўчатлари экди. Шу қишлоқдаги вақтинчалик банд бўлмаган мен каби фуқароларга шу экин ерлари бўлиб берилди. 2 йилдан буён мана шу ярим гектар майдонда оилам билан меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштираяпмиз. Ўтган йили ана шу 50 сотих ердан 100 миллион сўм соф даромад олдик. Бу йил ҳосил ҳар йилгиданда мўл бўлди. Худо хоҳласа, 140- 150 миллион сўм даромад қилишни чамалаб турибмиз.  

– Тепа ҳудудимизда деҳқон-фермер хўжаликларимиз ва тадбиркорлар томонидан  8 минг 500 гектарга яқин майдонда интенсив боғлар яратилди, – дейди Бахмал туман фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари кенгаши раиси Неъматулло Абдуаҳадов. – Шундан ҳосилга кирган боғлар 3500 гектарни ташкил этади. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида нафақат боғларимизни, балки барча экин турларининг асосий қисми сув тежовчи технологияларига асосланган томчилатиб суғориш тизимида ташкил этилмоқда. Бу сув тақчил бўлган Бахмал туманида муҳим аҳамият касб этади.  

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан “Туронбанк” акциядорлик жамияти томонидан тепа ҳудуддаги “Ўрмончи” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ернинг 100 гектари томчилатиб суғориш ва ўғитлаш жараёнлари компьютерда амалга ошириладиган “лазерли боғ” барпо этилмоқда. Бу майдон ўзлаштирилиб, кўчат экишга тайёрланиб, артизан қудуғи қазилди ва сув чиқарилди. Бугун- эрта энг юқори навли серҳосил бўлган мевали дарахтлар, асосан олма дарахти ниҳоллари экилади. Ана шу боғ ҳосилга киргач, камбағалликни тугатиш мақсадида ишга яроқли бўлган эҳтиёжманд, вақтинча банд бўлмаган ва ижтимоий дафтарларда турувчи фуқароларимизнинг ҳар бирига 0,10 гектардан 0,5 гектаргача олмазорлар бўлиб берилади.  

Ўрта ҳудудда асосан узумчилик ривож топган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ушбу ҳудудда фермер хўжаликлари томонидан 2800 гектар майдонда етиштирилаётган ҳусайни, тоифи, келин бармоқ, кишмиш, Ризамат ота ва бошқа узум навлари Фарғона водийсидаги донғи кетган узумлардан ўтса ўтадики, асло қолишмайди.  

Пастки, яъни бир қисми Туятортар канали суви билан суғориладиган ҳудуд асосан сабзавотчиликка ихтисослашган. Мустақиллик йилларига келиб, Бухоро амири Саййид Абдулаҳадхон давлатни бошқарган 1885–1910 йилларда Зарафшондан Сангзор дарёсигача бўлган масофагача қазилган ва Туятортар канали сувидан имкон даражасида унумли фойдаланилиб, ушбу ерларни ўзлаштириш янада кенгайди. Бугунги кунда тумандаги пастки ҳудуда картошка, сабзи, пиёз, карам, помидор каби сабзавот маҳсулотлари экилиб, фермеру фуқаролар мўмайгина даромад қилмоқда.

Жорий йил пастки ҳудуддаги 30 гектар майдонга Россиядан олиб келинган серҳосил картошка уруғи қадалган, яна 15 - 20 кунларда пишиб етилгач ковлаб олинади. Бу картошка уруғлик учун экилган бўлиб, келгуси йил ана шу картошка уруғликни шу ҳудудаги фермер хўжаликларининг 1600 гектар ерига экиш режалаштирилган эди. Лекин туман ҳокимининг ташаббуси билан ушбу картошка навини 2500 гектарга экишга қарор қилинди. Чунки туман картошка уруғи етказиб беришга ихтисослашган, шу сабабли, келгуси йилдан нафақат вилоятимиз, балки қўшни вилоят ҳудудларидаги туманларга ҳам уруғлик картошка етказиб бериш бошланади.  

2023 йил тумандаги “Барлос” МФЙ ҳудудидаги лалми дон экилиб, умуман фойда ўрнига зарар кўриб юрган 901 гектар ер аукционга чиқариб, тадбиркорларга берилди. Улар артизан қазиб, сув чиқарди, ўзлаштириб, турли сабзавот экинлари экди ва уни 1650 нафар фуқарога бўлиб берди. Жорий йилда эса яна 400 гектар ерга сув чиқарилиб ўзлаштирилди, бу ерда ҳам томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилиб, у ерларга помидор, карам, пиёз ва бошқа сабзавот экинлари экилди ва салкам 450 нафар ёш бахмалликка бўлиб берилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида фақат пастки ҳудуднинг ўзида 2 мингдан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди. Улар шу ерларда меҳнат қилиб, ўртача 60 – 70 миллион сўмдан даромад олмоқда.  

Бугунги кунда туман бўйича Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит маблағлари ҳисобидан умумий сиғими 20 минг тоннага яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сентябрдан май ойигача сифатли сақлай оладиган 35 та музлатгичли омборхона фаолият кўрсатаётган бўлса, яна 4 та шунақа омборхона қурилмоқда.  

Бундан кўзланган асосий мақсад  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қиш ва эрта баҳор мавсумида бозорларимизда нарх-наво сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олишдир.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/sfPHaY2eFGE?si=BjA666K11MYEatGY" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат,видео),  

ЎзА мухбирлари