Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахмал водийларда, қирларда баҳор…
10:18 / 2024-03-01

1 март – ўзбек халқининг севимли шоираси Зулфия Исроилова таваллуд топган кун

Салқин саҳарларда, бодом гулида,  

Бинафша лабида, ерларда баҳор.  

Қушларнинг парвози, елларнинг нози,  

Бахмал водийларда, қирларда баҳор…  

Ўзбек халқининг севимли шоираси, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида туғилган. У хотин-қизлар билим юртида ўқиб юрган вақтларидаёқ адабий тўгаракларга қатнашиб, шеърлар машқ қилади.  

Зулфиянинг “Мен иш қизи” номли биринчи шеъри 1931 йил 17 июлда “Ишчи” газетасида босилиб чиқди. “Ҳаёт варақлари” номли илк тўплами ўн етти ёшида нашр этилди (1932).  

1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди.  

1938-1948 йилларда нашриётларда муҳаррир, бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда эса “Ўзбекистон хотин-қизлари” журналида бўлим бошлиғи, 1953-1985 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади.  

Зулфиянинг ижодий камолотида ўзбек ва рус классиклари, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли беқиёс бўлди.  

Шоира “Темирой”, “Шеърлар”, “Қизлар қўшиғи” каби поэтик асарларини она Ватан ва унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни чоғда, мазкур тўпламлардаги шеърлари шоиранинг маҳорат сирларини эгаллаётган даврини характерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим эди.  

Уруш вақтида “Уни Фарҳод дердилар”, “Ҳижрон кунларида” каби тўпламларининг нашр этилиши Зулфиянинг пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан далолат берди. Бу тўпламдаги шеърлар Ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч, ёрга садоқат руҳида яратилгани билан характерлидир.  

Зулфиянинг “Менинг Ватаним”, “Қўлимда қуролу устимда шинел”, “Бизни кут” каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг жанговор руҳини ифодаловчи асарлар қаторидан ўрин олган.  

Шоиранинг урушдан кейинги йилларда яратилган “Далада бир кун”, “Тонг қўшиғи” каби шеърлар туркуми, шунингдек, “Ҳулкар”, “Мен тонгни куйлайман”, “Дугоналар билан суҳбат”, “Юрагимга яқин кишилар”, “Гулларим”, “Танланган асарлар”, “Ҳаёт жилоси”, “Куйларим сизга”, “Шеърлар”,  “Ўйлар”, “Лолақизғалдоқ”, “Қуёшли қалам”, “Висол”, “Асарлар”, “Йиллар, йўллар...” каби тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади.  

Унинг “Сўроқлайди шоирни шеърим” (1960), “Ойдин” (1953), “Қуёшли қалам” (1967) каби очерк ва достонлари Ҳамза, Ойбек, Ойдин, Ҳамид Олимжон каби устозларнинг ёрқин хотираларига бағишланган.  

Сен қайдасан юрагим?  

 

Қалб бўлганда йироқда  

Ирода экан ожиз.  

Дўстлар ҳам кўп атрофда,  

Аммо мен якка-ёлғиз…  

 

Бирдан қалбим кексариб,  

Қон ҳам қочди юзимдан.  

Сен, сирдошни ахтариб,  

Хаёл кетар изингдан.  

 

Қайга кетдинг, юрагим,  

Битди бардош ва тоқат.  

Суҳбатингдир тилагим,  

Тилда ҳасратим қат-қат.  

 

Кўпдир айтажак сўзим,  

Ўгитларингга зормен,  

Йиғлайсан деб дўстларим  

Таъна қилар. Нетай мен?  

 

Совуш бермайди менга  

Ёқиб кетганинг олов.  

Нетай, етмайман сенга,  

Ўртага ташланган ғов.  

 

Ишққа маскан юрагим,  

Топиб бер деб қистайди.  

Нима қилай, бераҳм-  

Руҳим сени истайди.  

Зулфия Ҳамид Олимжоннинг “Семурғ”, “Зайнаб ва Омон” достонлари асосида пьеса ва опера либереттосини ҳам яратган.  “Ўйлар”, “Шалола” каби шеърий тўпламлари учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.  

У ўттиздан зиёд шеърий ва насрий китоблар муаллифи. Бадиий ижод соҳасидаги хизматлари учун Давлат мукофоти, 1968 йил Жавоҳарлаъл Неру номидаги халқаро мукофот билан тақдирланди. Тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун эса халқаро “Нилуфар” мукофотига сазовор бўлди.  

Шоира Ҳиндистон, Шри-Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлди. У 1956 йилда Осиё ва Африка ёзувчиларининг Деҳлида ўтказилган биринчи конференциясида қатнашиб, машҳур “Мушоира” асарини яратди.  

Зулфиянинг ўн бешга яқин мажмуалари рус тилида чоп этилган. Унинг асарлари инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, корейс, араб, форс, тожик, арман, қирғиз, татар, туркман, бошқирд, озарбайжон ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Н.Некрасов, М.Лермонтов, Вера Инбер, Леся Украинка, Эди Огнетсвет, Марварид Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.  

Мустақиллик йилларида ибратли ҳаёт кечирган, кенг ижтимоий фаолият олиб борган шоира Зулфия бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббати, олижаноб инсоний фазилатлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги хизматлари учун юксак ҳурмат ва эъзозга сазовор бўлди. Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг маданиятимиз тараққиётидаги катта хизматларини эътиборга олиб 1999 йили Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этди.    

Ардоқли шоира 1996 йилда оламдан ўтди.  

Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади, ЎзА