Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахмал туманида ихтисослаштирилган мактаб фаолият бошлади
11:40 / 2022-09-07

Жиззах вилоятидаги Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Бахмал тумани ихтисослаштирилган мактаб биносининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят, туман ҳокимлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ва унинг вилоят бўлими вакиллари, туман секторлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, туман ихтисослашган мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, уларнинг ота-оналари иштирок этди.

– Келажакни аниқ белгилаб олишимизга асос бўладиган, мутлақо янги, кенг кўламли, улуғ мақсадлар ва ғояларни ўзида жамлаган ислоҳотлар қилиняпти, – дейди туман ҳокими М.Анорбоев. – “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида ишлаяпмиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 апрелдаги  “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони таълими тизимидаги янгиланишлар кўламини янада кенгайтирмоқда.

[gallery-8698]

Ҳужжатга мувофиқ 2022 йил 1 сентябргача вазирлик, идора ва ташкилотлар тасарруфида бўлган таълим муассасалари негизида 19 та ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда 141 та ихтисослаштирилган мактаблар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилиши белгиланган.

Бахмал тумани ихтисослаштирилган мактаби 450 ўринга мўлжалланган бўлиб, инвестиция дастури доирасида 5 миллиард 170 миллион сўм маблағ сарфланди. Қурилиш ишлари пудратчи “Хуршидқурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди. Мутлақо янгича дизайнда барпо этилган ушбу мактабда ўқувчиларнинг билим олиши учун барча қулайликлар яратилган. 2022-2023 ўқув йилида мактабнинг аниқ фанлар йўналишига қабул 5-11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7-11-синфлар учун ўтказилди. Кейинги ўқув йилларида 5- ва 7-синфларга қабул бўлади.

Мазкур мактабга 2022-2023 ўқув йилида ўқиш истагини билдирган 2 минг 700 нафар талабгор ҳужжат топширган эди ва улар орасидан 252 нафар ўқувчи саралаб олинди.

Ушбу ўқувчиларга кўп босқичли синов асосида саралаб олинган 33 нафар маҳаллий ўқитувчи таълим беради. Дарслар ҳар бир фан таснифига қараб жиҳозланган синфхоналарда ўтилиши белгиланган.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА