Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахмал – ижтимоий-иқтисодий ривожланган ҳудудга айланмоқда
13:48 / 2025-06-10

Жиззах воҳасининг гўзал ва бетакрор, серҳосил маскани бўлган Бахмал тумани сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, туризмни ривожлантириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Айниқса, қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар туманда янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли даромадлари ўсишига замин яратмоқда. Янги фермер хўжаликлари, иссиқхоналар, боғдорчилик ва полизчилик фаолиятлари ортиб бораётгани бунга яққол мисолдир.

Бахмал тумани тарихига тўхталадиган бўлсак, туман 1943 йил 8 майда Қарақишлоқ номи билан Самарқанд вилояти таркибида ташкил этилган. 1957 йилнинг 12 октябрига келиб Ғаллаорол тумани билан бирлаштирилган ва 1971 йил 31 августида Бахмал номи билан туман яна қайтадан ташкил этилган.

[gallery-23825]

Бахмал – Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин туманлари, Самарқанд вилояти ҳамда Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Умумий ер майдони 1,86 минг километр квадратни ташкил этади. Туман маркази – Ўсмат шаҳарчаси, шунингдек, таркибида 10 дан ортиқ қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, бугунда ҳудудда 180 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Ушбу ҳудуд, асосан, тоғ олди текисликлари ва тоғлардан иборат бўлиб, бетакрор табиатга эга. Бахмалнининг жанубий қисмида Туркистон тоғ тизмаси ва унинг шимолий ғарбида – Моргузар тоғлари жойлашган. Тоғларнинг энг баланд жойи 2600-2700 метрни ташкил этади.

Бахмал туманида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган жами ер майдони 83 минг 377 гектар, шундан сувли, лалми экин ер майдонлари 32 минг 535 гектарни, боғ ва токзорлар 11 минг 456 (ва бошқа майдонлар 39 минг 386) гектарни ташкил этади.  

Президентимизнинг 2019 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қароридан сўнг тумандаги кўплаб бўш ётган қир-адрларни ўзлаштиришга катта эътибор қаратилди..  

Сўнгги йилларда Бахмалда қишлоқ хўжалиги борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётир. Жорий йилда туманда биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида 6355 нафар аҳолининг доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда бандлиги таъминланади.  

Ўтган 2024 йилда 1544 гектар ер майдони ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсатгич 500 гектарни ташкил этаётир.

Ёшларга деҳқончилик учун ер ажратиш борасида амалга оширилган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. 2024 йилда 415,7 гектар ер майдони 628 нафар ёшга ажратилган бўлса, жорий йилда 969 гектар ер майдони 969 нафар ёш йигит-қизларга электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижрага ажратилиши кўзда тутилган.

Республика бюджетига (контингент) май ойида режага мувофиқ тушум ундириш режаси 9 миллиард 100 миллион сўм қилиб белгиланган бўлиб, 30 май ҳолатига 11 миллиард 700 миллион сўмга ортиғи билан бажарилди.

Маҳаллий бюджетига эса май ойи режасига мувофиқ тушум ундириш режаси 7 миллиард 300 миллион сўм белгиланган бўлиб, 30 май ҳолатига 8 миллиард 300 миллион сўм қилиб уддаланди.

Туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан вақтинчалик ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида май ойи режаси 1492 нафар бўлиб, амалда 5342 нафар ёки 358 фоизга бажарилди.

Жорий йил бошидан буён Бахмал туманида ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ва тадбиркорликка йўналтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар нафақат рақамлар билан, балки ҳаётга тадбиқ этилган лойиҳалар орқали ҳам самарали натижа бермоқда.

Энг аввало, тумандаги ишсиз ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 237 нафар ёш йигит-қизлар учун махсус бандлик дастурлари ишлаб чиқилди. Улар маҳалла, сектор, туман ва вилоят миқёсида координация қилиниб, жойларда амалий ишлар ташкил этилди.

Шунингдек, “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 178 нафар ёшга ёрдам кўрсатилиб, уларнинг билим олиши учун барча шароитлар яратилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 232 нафар ёшга 5 миллиард 549 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилиб, янги иш ўринлари яратилди. Бу кўрсаткичлар туман иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ёшлар бандлигининг ошишига хизмат қилаётгани эътиборга лойиқ.

Ташқи меҳнат миграциясида бўлган ёшлар билан доимий мулоқотни таъминлаш мақсадида 1166 нафар хориждаги ёшлар рўйхати шакллантирилиб, улар билан мунтазам мулоқот олиб борилмоқда ва қайтган ёшларга маҳаллий иш ўринлари, ўқув курслари ва грантлар асосида ёрдам кўрсатилмоқда.

Бахмаллик ёшларни ижтимоий-иқтисодий ҳаётга фаол жалб этиш, уларнинг бандлиги ва тадбиркорлик салоҳиятини кучайтириш борасида бошланган ишларга кенг кўламда ёндашилмоқда. Бу эса тумандаги ёшлар орасида келажак сари ишонч ва фаол ҳаёт позициясини шакллантиришга хизмат қилиб келмоқда.

Туманни географияси, тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, учта – тепа, ўрта ва пастки ҳудудларга бўлиш мумкин. Денгиз сатҳидан 1200-2000 метр баландликда жойлашган тепа ҳудуд боғдорчиликка ихтисослашган бўлиб, бу ерда етиштирилаётган, дунёга донғи кетган Бахмал олмаларидан ташқари, “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида аҳоли томорқаларида етиштирилаётган қулупнай ва картошка, экспорт учун мўлжалланган, ҳажми (калибри) йирик бўлган лалми мош ва нўхат етиштиришнинг ҳам бахмалликлар аллақачон ҳадисини олишибди.

Тумандаги “Ўрмончи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Холиқул ака Эргашев бошқараётган “Мадинабону Аҳмаджон қизи” масъулияти чекланган жамияти боғларида олиб борилаётган ишларни нафақат туманга, балки вилоятга ҳам намуна сифатида кўрсатиш мумкин.

Ўз фаолиятини 2012 йил бошлаган ушбу МЧЖ жамоаси бу қир-адирларга Ойқор тоғи этагидаги булоқ сувини қувурлар орқали олиб келган. Ҳозир 100 гектар майдондаги олмазор боғи яхшигина ҳосилга кириб, баравж ўсмоқда.  

Бу ерда 50 нафар доимий, 150 - 200 нафар мавсумий иш ўрни яратилган. Ҳадемай пишиб етиладиган юқори навли “жереми”, “голдон”, “пужир” каби серҳосил олма навлари ҳосилидан дарахт шохлари эгилиб турибди.

Эътиборлиси, Холиқул ака Эргашенинг боғида барча агротехник тадбирлар томчилатиб суғориш сув тежамкор технологиялар асосида амалга оширилади. Боғдорчиликда катта тажрибага эга Холиқул бобонинг айтишича, олмалар йил давомида 17-18 маротабагача дориланар экан. Ҳосилдорлик ҳам ҳавас қилгулик даржада, ҳар гектар майдондан ўртача 35 - 40 тоннадан олма териб олинар экан. Ана шу ҳосилнинг бир қисми экспортга жўнатилса, иккинчи қисми ички бозорга ва учинчи қисми эса махсус омборхоналарга сақлаш учун юборилар экан.

Туманнинг ўрта ҳудудида ҳам улкан яратиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Белгиланган “йўл харитаси”га кўра, Чувашиядан  “Гулливер”, “Краса Меҳери”, “Метеор”, “Пламя” навли 3 минг тонна картошка уруғи олиб келиниши режалаштирилган бўлиб, картошка экин майдони 10 баробарга кўпайтирилади. Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўм бўлиб, ҳар 1  гектардан 300 центнердан, жами 30 минг тонна картошка ишлаб чиқарилади ва 250 нафар янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.

Бугун Бахмал нафақат олмаси, картошка, помидор, мош, нўхат ва аҳоли томорқаларида етиштирилаётган бетакрор тамга эга қулпинайлари, балки кенг далаларида етиштирилаётган, сифати жиҳатдан дунёда энг яхши деб топилган шифобахш заъфарони билан ҳам жаҳонга танилди. Туманда қиймати 40 миллион доллар бўлган “BMB-opera zafferano” МЧЖ томонидан “Заъфарон ўсимлигини етиштиришни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш орқали яна 250 нафар янги иш ўрни яратилади.

Қиймати 23 миллион доллар бўлган “BMB shifo” МЧЖ (“Opera srl” Италия) томонидан “Заъфарон ўсимлигини қайта ишлашни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш орқали яна қўшимча 50 нафар янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.  

Туманнинг Туятортар каналидан суғориладиган пастки ҳудудида эса бахмаллик миришкорлар помидор, сабзавот ва ҳатто полиз маҳсулотлари етиштириш борасида ҳам катта натижаларга эришмоқда. Бу ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзи алоҳида бир катта мавзу.

Туманнинг тоғли ҳудудларида туристик зоналарни барпо этиш борасида ҳам бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бугун туманда “Новқа ота”, “Ўсмат ота”, “Боғимозор ота”, “Хўжакўндаланг” каби 10 дан ортиқ зиёратгоҳлар, 68 дан ортиқ архиологик ёдгорликлар ва 27 та сой мавжуд. Бахмалнинг 50 фоиз ҳудуди тоғлардан иборат бўлиб, экологик туризмнинг асосий драйвери ҳисобланади.

Айни пайтда, туманда туризм салоҳияти юқори бўлган 9 та қишлоқ бўлиб, дам олувчилар асосан “Бойқўнғир”, “Ўрмончи”, “Жўм-жўмсой”, “Данғара”, “Музбулоқ” ва “Мўғол” қишлоқларига, айниқса жазирама иссиқ бўлган ёз ойларида кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар келиб ҳордиқ чиқаради.  

Ўтган 2024 йилда туманга 46 минг 200 нафар хорижий, 203 минг 200 нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилди. Бу ҳудудларга келувчиларни қабул қилиш учун жами 3470  ўринли 547 та жойлаштириш воситаси, 325 та кемпинг, 200 та оилавий меҳмон уйи, 20 та хостел, 1 та меҳмонхона ва 1 та санатория мавжуд.

Бахмалда туризмни янада ривожлантириш бўйича туман ҳокими ўринбосари Баҳодир Зулфиқоров ўтказган тақдимотда бир қатор янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилгани таъкидланди.  

Зомин – Бахмал Давлат қўриқхонаси ва унга туташ “Музбулоқ” МФЙ даги “Ғўралос сой” ҳудудидаги 40 гектар майдонда “Baxmal Eco Villige” экотуризм кластери ташкил қилиш режалаштирилгани таъкидланди.

Ушбу кластер доирасида уч юлдузли меҳмонхона, туристик сўқмоқлар, селфи ва пикник зоналари, манзарали томоша қилиш майдончалари, ҳайвонларни масофадан кузатиш ҳудуди, кемпинг, глемпинг, ўтов, экоуйлар ва бошқа турдаги жойлаштириш воситалари ташкил этилиши режалаштирилибди.

2025 – 2030 йиллар давомида денгиз сатҳидан 2 минг метр баландликда жойлашган туманнинг 9 та қишлоғида соғломлаштириш ва туризм марказини бунёд этилиши кўзда тутилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 40 гектар ер майдонда 9 та йирик лотга бўлинган ҳолда, агротуризм, экстремал туризм ва экотуризмни ривожлантириш йўналишида жами 420 ўринли 3 та меҳмонхона, 100 та кичик ҳажмдаги вилла (шале услубидаги) ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиш режалаштирилган.

Бахмал – ғурури осмон ўпар Моргузар ва Туркистон тоғларидан-да юксакроқ, ориятли, меҳнатсевар, меҳмондўст ва ташаббускор халқи билан нафақат вилоятда, балки Янги Ўзбекистонимизда ўзининг алоҳида ўринига эга бўлиб бораётган ҳудуддир. Бундай эътирофлар, юрт тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган ҳар бир бахмаллик учун улкан фахр ва масъулият бўлиши шубҳасиз.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари