Америка Қўшма Штатларида футбол бўйича клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида илк тур учрашувлари ўтказилмоқда.
Турнирнинг “А” гуруҳидан ўрин олган “Интер Майами” – “Ал-Аҳли”, “Палмейрас” – “Порту” клублари баҳси бир хил – 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланли. Шу тариқа, ушбу гуруҳда барча жамоалар 1 очкони қўлга киритди.

“B” гуруҳида “ПСЖ” “Атлетико Мадрид” клубини 4:0 ҳисобида таслим қилди. “Ботафого” ва “Сиэтл Саундерс” учрашуви 2:1 ҳисобида якунланди. Натижада, “ПСЖ” ҳамда “Ботафого” 3 очко жамғарган ҳолда 1-2-ўринларга жойлашди.


Шунингдек, “C” гуруҳида “Бавария” илк учрашувини “Окленд Сити”га қарши ўтказди. Германия гранди ушбу учрашувда рақиб дарвозасига нақд жавобсиз 10 та гол урди ва йирик ҳисобдаги ғалаба эвазига ўз гуруҳида 3 очко билан карвонбошига айланди. Бу гуруҳдан ўрин олган “Бока Хуниорс” ва “Бенфика” жамоалари баҳсига 17 июнь куни соат 03:00 да ўтказилади.
Дарвоқе, 17 июнь кунининг илк ўйини “D” гуруҳидаги “Челси” ва “Лос-Анжелес” (00:01) ўртасидаги баҳс билан бошланади. Ушбу гуруҳдаги “Фламенго” ва “Эсперанс” учрашувига соат 06:00 да гувоҳ бўламиз.
Эртанги учрашувларнинг сўнггиси соат 21:00 да бошланадиган “Флуминенсе“ – “Боруссия Дортмунд” жамоалари ўртасида кечади. Биз учун аҳамиятли жиҳати, мазкур ўйинни ҳамюртимиз Ильгиз Танташев бош ҳакам сифатида бошқариб боради. Унга қанотларда Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА