Денгиз ҳудудидан, қарийб, 90 гектар майдон “Ambassador Batumi Island” Батуми ороли компанияларига топширилди.
Грузия ҳукумати Қора денгиз бўйида жойлашган Батуми шаҳридаги сунъий орол лойиҳасига жиддий аҳамият бермоқда, деб хабар берди “Новости-Грузия”.
“Алоҳида аҳамиятга эга объектларни қуриш учун рухсатнома бериш тартиби ва шарти тўғрисида”ги ҳукумат қарорига тегишли ўзгариш киритилди.
Функционал ва стратегик нуқтаи назардан махсус объектларга мудофаа ва хавфсизликка, ҳудудий тузилишга, маданий меросга, иқтисодиётга, атроф-муҳитга ва табиий ресурсларга таъсир кўрсатадиган тузилмалар киради. Бундай объектларни қуриш учун рухсатнома алоҳида тартибда берилади.
Афтидан, аввал режалаштирилган ғоядан – Батуми қирғоғида Дубай пальма оролига ўхшаш сунъий ороллар архипелаги барпо этиш фикридан воз кечилмаган.
Сунъий ороллар Батумининг чеккасида, темир йўл станциясидан унча узоқ бўлмаган жойда жиҳозланади. Жами сармоя 100 миллион долларни ташкил қилади.
Лойиҳага кўра, оролларда юзга яқин вилла ва 500 хонали меҳмонхона жойлашади. Шунингдек, савдо марказлари, аквапарк, яхталар клуби, таълим муассасалари ва қирғоқ қурилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА