Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил ШУКУРнинг "Бобосўз изидан" китобидан.
Она тилим - олтин сандиғим
Тилимиз тарихида араб тилидан кирган “басир” сўзи “кўрувчи”, “кўра олувчи”, “кузатувчи”, “сезгир”, “ўта сезгир” маъноларида ишлатилган. Бироқ негадир кейинги даврларда “басир” сўзи кўзи кўр маъносида ҳам қўлланадиган бўлган. “Басират” сўзи ҳам “кўрувчанлик”, “зийраклик”, “сезгирлик”, “ўткир зеҳнлилик” мазмунини ифодалаб келган. Навоий даврида олимлар донишмандлар аҳлини “басират аҳли” дейишган. Шоир “Ҳайрат ул-аброр” достонида шундай ёзган:
Сирри ҳақиқатдин ўлуб баҳравар,
Айла басират кўзи бирла назар.
Орадан беш аср ўтиб, “басир” сўзи бошқача маънога келади. Бу сўз кўзи кўр мазмунини ҳам ифодалайди.
“Навоий асарлари луғати”нинг 1973 йилги нашрида ҳам, тўлдирилган 1983 йилги нашрида ҳам “басир” сўзига бирор нуқтада “кўзи кўр” маъносида изоҳ берилмаган. 1983 йилги нашрда луғатга “басар” сўзи қўшилади, бу сўз “кўз”, “кўриш”, “кўра олиш қуввати”, “кўз қуввати” маъноларида изоҳланади. Навоийнинг: “Ким басар ҳисси қоронғу кечада қилди ғалат” деган мисрасида ҳам “басар ҳисси” кўриш сезгиси мазмунида келади.
Қумғоғ ва саксовул
Саксовул қумли жойларда, чўлларда ўсади. Бу дарахтнинг илдизи янтоқ томиридан ҳам узоққа кетади, қақраган чўлда ҳам сувга етади. “Саксовул”... Бу чиройли сўзнинг этимологияси ҳақида аниқ маълумотлар учратмадим. “Саксовул” сўзи таркибидаги “саксон”даги “сакс” ва “овул” сўзлари ҳақида ўйладим, “саксовул”ни “ясавул”, “жиғовул”, “шиғовул” сўзлари билан солиштириб кўрдим, лекин бирор жўялироқ тахминга келолмадим. Аммо “саксовул” сўзининг маънодошини учратиб қолдим.
Манзар Абулхайровнинг “Навоий асарларида сўз ва иборалар” китобида тарихимизда саксовулни “қумғоғ” деб ифодалаш ҳам бўлган деб кўрсатилган. Бундай номланишга саксовулнинг чўлда, қумда ўсиши сабаб бўлган бўлиши керак. Хусусан, бундай ифода Алишер Навоий асарларида учрайди.
Гарчи қуёшдин парвариш олам юзига омдур,
Саҳрода қумғоғу тикан, бўстонда сарву гул бутар
Улапа ва улуфа
Болалигимизда бирор бола айб иш қилиб қўйса, унга катталар:“Бу боланинг улапасини бериб қўйиш керак” деган гапни ишлатишарди. Умуман, “улапа” сўзи жазо маъносида қўлланарди. Биров кимдандир хафа бўлса, “Шошмай турсин, ҳали улапасини қўлига бераман” деяр эди. Хуллас, “улапасини бериш” халқ ибораси даражасига кўтарилган гап эди. Лекин “улапа” сўзининг аниқ маъносини яқин-яқингача билмасдим. Ҳатто, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам бу сўз ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Болалигимдан менга таниш бўлган бу сўзнинг асл маъносини бошқа жойдан топдим.
“Тарихий ҳарбий терминлар луғати”да изоҳланишича, ўрта асрларда ҳарбийларга бериладиган иш ҳақи, маош “важҳ” сўзи билан ифодаланган. “Улуфа” сўзи амалдор ва лашкарбошиларга бериладиган ойлик маош мазмунини билдирган. Бобур “Бобурнома”да бу сўзни ишлатган экан: “Беҳрада бўлғон турк ва ерлик сипоҳиларнинг дағи важҳ ва улуфаларини орттуруб, Ҳиндубекка кўмак қўйдук”.
“Навоий асарлари луғати”да “улуфа” сўзи маош маъносидан ҳам олдин “ҳайвон емиши, озиғи” мазмунини билдириши айтиб ўтилган.
Халқ орасидаги “Улапасини бериб қўяман” ибораси эса киноя маъносида қўлланар экан.
Кезанак
“Кезанак” деган сўз кўпроқ чорвадорларимиз тилида ишлатилади. Бу сўз тилимизда жуда кам қўлланса-да, унга эҳтиёж бор. От, қўй, қорамолнинг тўпиқдан юқори, почасининг ингичка қисмини халқимиз “кезанак” деган. Ҳозиргача к е з а н а к сўзи чорвадорлар, қассоблар, ошпазлар тилида бор. Лекин бу бечора сўз ҳатто “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га ҳам кирмай қолган. Бугунги кунда т у ё қ, т ў п и қ, п о й ч а, к е з а н а к каби мол оёғининг қисмлари биргина “мол оёғи” деган сўз билан ифодаланади. Бундай сўзлар тилимиз боғида турса, ҳеч кимдан нон-ош тиламайди, аксинча, бу боғни бойитади.
Чўпонлар сўйилиб, калла-почаси пиширилган қўйнинг кезанагига қараб ҳам бу унинг қандай қўй эканини айтиб бера олганлар.
Эшқобил ШУКУР,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
"Бобосўз изидан" китобидан.