Сурияда Башар Асад ҳокимияти ағдарилганига бир йил тўлди. Ўтган йилнинг 8 декабрь куни у мамлакатни тарк этган эди. Шу муносабат билан вақтинчалик президент Аҳмад аш-Шараъ нутқ сўзлаб, мамлакатни қайта тиклашга ваъда берди, деб ёзди Евроньюс.
Ўтган йилнинг 8 декабрида қуролли гуруҳлар Дамашқни ўраб олишганидан кейин Сурия армияси ҳарбийлари қуролларини ташлаб, пойтахтни деярли жангсиз топширишган эди. Башар Асад эса Россияга қочиб кетди, бу ҳолат кўпчилик учун, ҳатто унинг иттифоқчилари учун ҳам кутилмаган воқеа бўлган эди. Шундан сўнг мухолифат кучлари давлат муассасаларини ўз назоратига олди ва 8 декабрда Башар Асад режимининг ағдарилгани расман эълон қилинди.
Собиқ президент айни кунларда Москвада яшаяпти. Суриянинг янги ҳукумати уни судга топширишни режалаган эди, бироқ Кремль Асадни топширмаслигини билдирди. Шу билан бирга, Москва Аҳмад аш-Шараъ бошчилигидаги янги ҳукумат билан дўстона муносабатлар ўрнатди. Баъзи кузатувчилар фикрича, Асаднинг Москвадалиги Кремлнинг Дамашқ билан янги муносабатлар ўрнатишига халал бермаган.
Лондондаги инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, Башар Асад Россия махсус хизматларининг қаттиқ назорати остида яшамоқда. Унинг ҳаракатланиши кескин чекланган, оммавий чиқишлар қилиши ман этилган. Мамлакатдан қочганидан кейин уфақат икки марта оммага кўриниш берган. 2024 йил 16 декабрда берган интервьюсида у жангни давом эттириш ниятида бўлганини ва ҳеч қачон қочишни ўйламаганини, мамлакатдан чиқиб кетишига сабаб эса Россиянинг талаби эканини айтган. Шундан бироз вақт ўтиб, Асаднинг катта ўғли отасининг Москва марказида сайр қилиб юрганини акс эттирувчи қисқа видео эълон қилди, холос. Шундан кейин Башар Асад оммага кўринмади, Суриядаги тарафдорлари билан алоқа ўрнатмаган ва ҳокимиятга қайтиш учун ҳеч қандай ҳаракат ҳам қилмаган.
Ўтган йил охирида турк нашрлари собиқ президентнинг рафиқаси Асма Асад ажрашмоқчи экани ва Лондонга қайтишни истаётгани ҳақида хабар тарқатди. Бироқ, Россия расмийлари буни инкор этди ва Асадлар оиласи ҳам бу бўйича изоҳ бермади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/F7vKqk4Rc4w" title="Bashar Asad hokimiyati ag‘darilganiga bir yil bo‘ldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА