Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Барселона” 16-бор Суперкубокка эга чиқди
10:22 / 2026-01-12

Футбол бўйича Испания Суперкубогининг сўнгги ҳал қилувчи финал беллашувида “Барселона” ва “Реал Мадрид” клублари ўзаро рақобатлашди.

Учрашувнинг 36-дақиқасида каталонияликлар ҳужумчиси Рафинья ҳисобни очди. Биринчи бўлимнинг асосий вақтига қўшиб берилган иккинчи дақиқада Винисиус гол киритиб, ҳисобни тенглаштирган бўлса, 45+4-дақиқада Роберт Левандовски Каталония клубини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ушбу голдан 3 дақиқа ўтиб, Гонсало Гарсия мадридликларнинг 2-голини киритди ва мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимнинг 73-дақиқасида Рафинья дублни расмийлаштириб, жамоасининг ғалабасини таъминлади.

Шу тариқа, Испания Суперкубоги доирасида 19-маротаба ўтказилган “Эл-классико”да “Барселона” ғалаба қозонди ва мазкур мусобақанинг 16 карра ғолибига айланди.

"Барселона" ҳужумчиси Рафинья учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.

“Sofascore” портали ўйинга оид статистикани эълон қилди. Унга кўра, “Барселона” жамоаси тўп назорати бўйича 68 фоиз натижа қайд этган бўлса, 4 та хавфли вазият, 16 та умумий зарба, 7 та аниқ зарбаларни амалга оширди. Шунингдек, жамоа рақиб жарима майдонидаги тўпга 41 марта тегинди ва аниқ узатмалар (паслар) сонини 661 тага етказди.  

“Реал Мадрид” клуби эса 32 фоиз тўпни назорат қилган бўлса, 7 маротаба хавфли вазиятлар яратди ва уларнинг 2 тасини голга айлантирди. Умумий зарбалар сони 12 та, улардан жами 7 таси аниқ бажарилди. Жарима майдонидаги тегинишлар эса 29 тани ташкил этди. 305 маротаба аниқ узатмаларни (паслар) амалга оширди.  

Маълумот ўрнида, “Барселона” ушбу ғалабадан сўнг жами "Эл-классико"даги 105-ғалабасини қўлга киритди. "Реал" жамоасида эса айни дамда 106 та ғалаба мавжуд бўлиб, 52 учрашувда дуранг қайд этилган. Дарвоқе, сўнгги олти тўқнашувда каталонияликлар рақибини беш марта мағлуб этишни уддалади.

“Реал Мадрид” 13 ой давомида бирорта совринни қўлга кирита олмади. Шу вақт мобайнида клуб 6 та турнирда мағлубиятга учради. “Реал”нинг охирги ғалабаси 2024 йил декабрда ўтказилган ФИФА Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қайд этилган. Унда Мадрид шаҳрининг бош жамоаси финалда Мексиканинг “Пачука” клубини 3:0 ҳисобида мағлуб этган эди.  

Ўтган йили “Реал” каталонияликларга Суперкубок ва Испания кубоги финалларида ютқазди ҳамда Ла Лига мавсумини иккинчи ўринда якунлади. Чемпионлар лигасида жамоа чорак финалда “Арсенал”га, Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида “ПСЖ” жамоасига имкониятни бой бериб қўйди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА