French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барқарор тинчлик – тараққиётимиз гарови
13:26 / 2024-05-08

Кўп йиллик анъана ва қадриятларга кўра Ўзбекистонимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Шу боис, ушбу байрам арафасида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ўз ҳиссасини қўшган барча меҳнат ва уруш фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштиришга бағишланган тадбирлар амалга оширилади.

Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорда алоҳида таъкидланганидек, “Халқимиз асрлар давомида оғир синовларда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб келган. Ўз озодлиги, эркинлиги йўлида курашиб, беҳисоб қурбонлар берган ота-боболаримиз жасорати хотирамиздан ҳеч қачон ўчмайди”.

Дарҳақиқат, дунёда неъматлар кўп. Шу боис инсонлар учун тинчлик-осойишталикдан кўра азизроқ ва бебаҳо неъмат йўқдир. Юртимиз тинч бўлса файзу-барака, тараққиёт ва ривожланиш бўлади. Оилаларда шодлик, фаровонлик, элга тўй-томошалар ярашади, юзларимиздан хурсандчилик, ўйин-кулги кайфияти ҳеч қачон аримайди. Аммо, уруш-жанжаллар туфайли инсонлар ва миллатлар, давлатлар аро низолар пайдо бўлади, улуғ қадрият бўлган меҳр-оқибат ва одамгарчилик унутилади, турмуш издан чиқади.

Ана шу боис, муҳтарам Президентимиз юртимизда тинчликни қадрлаш ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсатининг энг устувор ва марказий йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар.

Албатта, инсон боласи борки, бахт ва саодатга интилиб яшашга ҳақли. Бироқ, ушбу неъматга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Бугунги мураккаб замонда Ўзбекистон ва унинг раҳбарияти мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқ нормаларига оғишмай риоя қилиши, унинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши кураш, ҳарбий можароларда иштирок этмаслик каби ўзи қўшилган қатор конвенцияларига мувофиқ фаолият олиб бормоқда.

Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги йирик халқаро конференцияга мезбонлик қилган чоғида сўзлаган нутқида “хавфсизлик ва барқарорлик – минтақаларимизнинг изчил ривожланиши ва ўзаро алоқаларимиз мустаҳкамланишининг асосий шарти эканлигини, бизнинг хавфсизлигимиз бўлинмасдир ва уни фақат конструктив мулоқот ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали таъминлаш мумкинлигини” алоҳида қайд этган эди.

Буларнинг бари, Ўзбекистон тинчликпарвар давлат эканлигини кўрсатмоқда. Жумладан, давлатимиз барча можароларни дипломатик восита ва механизмлар билан ечиш тарафдори ва бунга қатъий амал қилиши, барча можароларда ҳар доим бетараф бўлиб қолишга интилишининг ўзи ҳам бу сиёсат халқимизнинг тинчликпарварлик, толерантлик ғояларига асосланганини яққол далилидир. Бундан Ўзбекистон нафақат мамлакат ичкарисида, балки Марказий Осиёда ҳам тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлиши учун ҳаракат қилаётганини кузатиш мумкин.

Глобал дунёда хавфсизлик тизими тобора мўртлашиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу мураккаб ҳолат ҳар бир халқ, давлат, шу жумладан Ўзбекистон халқидан ҳам юксак сиёсий ҳушёрлик ва маданиятни, тинчлик учун барча бирдек масъул эканлигини англашни талаб этади. Айниқса, воқеалар моҳиятини чуқур англамай унга баҳо бериш, халқаро ахборот майдонидаги тарафкаш тарғиботларга берилиб кетишдан тийилиш, айниқса, ёшларимизга вазиятни баҳолаш ва масалага ўта вазминлик билан ёндашиш лозимлигини тушунтириш муҳим вазифадир.

Ўзбекистон Президенти ҳақиқатан ҳам, мунтазам равишда дунёда энг қимматли, азиз ва бебаҳо неъмат, бу – тинчлик неъмати эканлигини, бунинг учун Ўзбекистон барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириши ва бу борадаги тадбирлар учун эшиги ҳамиша очиқ эканлигини дунёга билдиради. Сабаби, Янги Ўзбекистонни барпо қилишга бел боғлаган Ватанимиз – Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда, кўп миллатли бағрикенг халқимиз хотиржам турмуш кечирмоқда. Биз учун тинчлик-осойишталикнинг қадри алоҳида қадрланади. Донишманд ота боболаримиз: “Юрти тинчнинг – ўзи тинч”!” деб бежиз айтмаган. Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш ва тараққиёт бўлади, юрт гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровонлашади.

Тарих – биз учун улкан сабоқ манбаи. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Унда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш белгилаб берилди. Ёки Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ғалаба боғига ташриф буюриб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйганида ҳам чуқур маъно бор. Буни тинчлик қадриятини мустаҳкамлаш ҳамда унинг улкан тарбиявий аҳамиятга эга эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бинобарин, бундан 79 йил аввал тугаган Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди.

Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди.

Ўзбекистон халқининг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган бундай мардлик ва матонати, олижаноблиги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти бизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаган ҳолда фарзандларимизни ватанпарварлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашга чорлайди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети ҳам тантанали тадбирлар ўтказиладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда бор кучини аямайди. Бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ва фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйишга қаратилган тадбирларни амалга оширади. Шу билан бирга, бу каби муқаддас қадриятлар ва анъаналар курсант ва тингловчилар онгу шуурига сингдириб борилади. 

Мухтасар қилиб айтганда, буларнинг барчаси бизни ҳозирги тарихий даврда келажак ҳақида чуқур ўйлашга, энг эзгу ниятимиз бўлган мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар билан эришиш мумкинлигига яна бир бор инонтирди. Шу боис, Президент табригида таъкидланганидек, нафақат бизга, балки бутун халқимизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур. “Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни асрашдек ўта муҳим вазифаларни бажаришда қаҳрамон фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари биз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Биз улардан руҳ ва куч олиб, Ватан ҳимоячилари, тинчлик посбонлари, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлишдек юксак бурчимизни албатта шараф билан адо этамиз”. 

Шундагина кўзлаган улкан мақсадларга биргаликда  эришамиз. Зеро, барқарор тинчлигимиз изчил тараққиётимизнинг гаровидир. 

Ойбек ТУРҒУНОВ, 

Жамоат хавфсизлиги университети 

бошлиғининг биринчи ўринбосари, 

юридик фанлар доктори, профессор.

ЎзА