Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда университетларнинг роли” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Америка, Осиё, Европа, МДҲ мамлакатларидан 100 га яқин экспертлар, етакчи олимлар ҳамда ўзбекистонлик олим-тадқиқотчилар иштирок этди.
Конференция дунёда барқарор тараққиётга эришишда илм-фан ҳамда университетларнинг ўрни, олий таълим муассасаларида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилишга бағишланди. Шунингдек, университетларда таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш барқарор тараққиёт мақсадларига эришишнинг муҳим шарти экани қайд этилди.

Бундан ташқари, конференцияда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий соҳаларда тараққиётни таъминлашнинг устувор йўналишлари, гендер тенгликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, технологик тараққиёт оқибатларини бартараф этиш, ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.

Шунингдек, конференцияда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш, таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиш, таълим сифатини оширишга қаратилган муҳим вазифалар ўртага ташланди.

Зеро, бугун таълим тизими сифатини мазмун жиҳатдан замон талабига мос янгилаб бориш ва жаҳон тажрибаларидан энг илғор ютуқларини ўрганиш, улардан ўз миллий хусусиятларимизга мос равишда фойдаланиш долзарб вазифа саналади.
Насиба Элибекова, ЎзА