Бугун мамлакатимизда энергетиклар касб байрамларини кенг нишонлашмоқда.
Иқтисодиётни барқарор электр энергияси таъминотисиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг жадал ривожланиши, аҳоли сони ҳамда саноат қувватларининг ортиши энергетика соҳасида изчил ислоҳотларни талаб этмоқда. Шу маънода, энергетика тизимини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш давлат сиёсатида устувор йўналишга айланган.

Сана муносабати билан уларни касб байрамлари билан қутлаш ва Жиззах вилоятида бу соҳада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида дастлаб, “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари”, сўнгра “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларида бўлиб, масъул раҳбарларнинг фикрлари билан қизиқдик.

— Президентимизнинг жорий йилнинг 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида энергетика инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ топшириқлар берилган эди, — дейди “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг “Жиззах магистрал электр тармоқлари” филиали директори Ғайрат Аҳмедов. — Мазкур топшириқлар ижроси доирасида “Жиззах” эркин иқтисодий зонасини барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун 40 километр юқори кучланишли электр тармоғи тортилиб, қуввати 40 мегаватт бўлган подстанция қурилиши ниҳояланмоқда. Шунингдек, Фориш туманида Хитой билан ҳамкорликда барпо этилган қуввати 500 мегаватт бўлган “Huadian Jizzax Solar Power” фотоэлектр станциясининг 200 мегаваттлик биринчи босқичи тармоққа уланиб, фойдаланишга топширилди. Булардан ташқари, қўшимча равишда қуввати 30 мегаватт бўлган 150 та кичик ва мини гидроэлектр станцияларини ишга тушириш кўзда тутилган.

Филиалда янги йилга қадар 2 миллиард 644 миллион киловатт соат электр энергиясини транспортировка қилиш, технологик йўқотишларни камайтириш, қуёш панеллари орқали электр ишлаб чиқариш ҳамда энергия тежашга қаратилган тадбирлар режалаштирилган бўлиб, ушбу жараёнда муҳандислар, электромонтёрлар ва ишчи ходимларнинг фаол меҳнатлари ҳисобига лойиҳа тез кунларда якунига етказилар экан.
Вилоят аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш “Жиззах” ва “Сарбозор” подстанциялари орқали амалга оширилмоқда. Мавжуд подстанция ва трансформатор пунктларидан қарийб 300 минг нафар аҳоли ҳамда 22 мингдан ортиқ юридик истеъмолчи фойдаланиб кулмоқда.
– Жорий йилда 637 километр электр узатиш тармоғи тортилиб, 136 та трансформатор пункти ўрнатилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Жиззах ҳудудий филиалининг ишлаб чиқариш техника хизмати бошлиғи Баҳодир Турдибеков. – Бу ишлар учун республика бюджетидан 59 миллиард 72 миллион сўм маблағ ажратилганини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман.
Соҳа мутахассисларининг маълум қилишича, вилоятда бир суткада истеъмолчиларга 8 миллион киловатт соат электр энергияси етказиб берилар экан. Юклама юқори бўлган вақтларда барқарор таъминотни сақлаш мақсадида тегишли хизматлар томонидан профилактик чоралар кўриб қўйилгани алоҳида таҳсинга лойиқ.
Янги йил байрами арафаси ва кунларида аҳолини узлуксиз ҳамда сифатли электр энергияси билан таъминлаш учун барча тезкор бригадалар шай ҳолатга келтирилган.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири