Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барқарор тараққиёт гарови
17:30 / 2026-01-28

Коррупцияга қарши муросасиз курашиш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳалолликни таъминлаш бугунги кунда мамлакат тараққиётининг энг муҳим шартларидан бирига айланди. Айниқса, жамият ва бизнес муҳити билан бевосита ишлайдиган солиқ тизимида бу талаблар янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу мақсадда Жиззах вилояти солиқ бошқармаси ташаббуси билан туман ва шаҳар солиқ органларида “Солиқ — коррупциядан холи тизим” мавзусида давра суҳбатлари изчил равишда ташкил этилмоқда. Куни кеча Ғаллаорол ва Бахмал туман солиқ инспекцияларида ўтказилган тадбирлар ҳам ушбу тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Давра суҳбатларида вилоят солиқ бошқармасининг шахсий хавфсизлик бўлими ходимлари, шунингдек, ҳудудий солиқ инспекциялари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди. Учрашувларда коррупциянинг олдини олиш бўйича миллий сиёсатнинг устувор йўналишлари, амалдаги вазифалар ва масъулият масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида эски ёндашувлар самара бермаётгани, мазкур йўналишда туб ислоҳотлар ва янги иш услубига ўтиш зарурлиги қатъий таъкидлангани қайд этилди. Шунингдек, 2026 йилнинг “Фавқулодда ҳолатлар йили” деб эълон қилиниши ҳамда 2025 йил 30 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур фармонга мувофиқ, давлат органларида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, инсон омилини қисқартириш, хизмат фаолиятида шахсий манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ички назорат ва шахсий жавобгарликни кучайтириш асосий вазифалар сифатида белгиланган. Солиқ органлари эса бу борада аҳоли ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилувчи тизим сифатида алоҳида масъулиятга эга.

Тадбир якунида солиқ хизмати ходимларига хизмат вазифаларини бажаришда қонун устуворлигига қатъий риоя этиш, шаффофлик ва ҳалолликни ҳаёт қоидасига айлантириш, ҳар қандай коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Қайд этилганидек, солиқ тизимида ҳалолликни таъминлаш — фақат ички назорат масаласи эмас, балки жамият ишончи, соғлом иқтисодий муҳит ва барқарор тараққиёт гаровидир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири