Келгуси йил ерга сепиладиган ҳар бир уруғнинг тақдири бугунги тайёргарликка, сув манбалари узлуксизлигини таъминлашга бевосита боғлиқ. Шу боис Сирдарё вилоятида, айниқса Қуйи Сирдарё ирригация тизими ҳавза бошқармаси тизимида сув таъминотини яхшилаш, ирригация тармоқларини янгилаш ва уларни барқарор ҳолатда сақлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда бошқармага қарашли сув объектларида кенг кўламли таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, хўжаликлараро каналларнинг 58,2 километри, хўжалик ичидаги каналларнинг 82 километри механизмлар ёрдамида, 585 километри эса қўл кучи билан тозаланди. Бу ишлар сув оқимини эркин ва самарали ҳаракатланишига имкон яратмоқда.

Шу билан бирга, ички каналлардаги 134 та гидротехник иншоот ва 129 та гидропост таъмирланиб, айримлари янгидан қурилди. Кластер ва фермер хўжаликларидаги 242 та сув олиш қулоғи замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Мелиорация тармоқларининг 216,4 километрида тозалаш ишлари амалга оширилиб, сув йўқотиш даражаси сезиларли камайтирилди.

Туман сув етказиб бериш бўлимлари томонидан 72,9 километр, кластер ва фермер хўжаликлари ташаббуси билан эса 38,3 километр сув йўллари бетонлаштирилди. Бу эса сувнинг ҳар бир томчисини манзилига йўқотмай етказишда муҳим омилга айланди.

– Мақсадимиз сув иншоотларини барқарор ҳолда сақлаш, мавжуд тизимни замонавийлаштириш ва келгуси йилги суғориш мавсумига пухта тайёргарлик кўришдан иборат, – дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизими ҳавза бошқармасининг бошлиғи Нуркамол Отақулов. – Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш ҳамда деҳқонларимиз меҳнатини енгиллаштириш асосий вазифамиз ҳисобланади.

Бу жараёнда 592 нафар ишчи ва 41 дан ортиқ экскаватор, трактор ҳамда махсус техника воситалари иштирок этмоқда. Ёғингарчиликсиз кунлардан самарали фойдаланиш мақсадида ишлар икки сменада ташкил этилган. Ишчи ва мутахассислар учун дам олиш ва овқатланиш шароитлари яратилган.
Мутасаддилар фикрича, амалга оширилаётган тадбирлар нафақат сув таъминотини яхшилайди, балки келгуси мавсумда деҳқон ва фермер хўжаликларининг иш самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Замонавий ирригация тизимларига ўтиш, сувни ҳисобга олиш ва бошқаришни рақамлаштириш орқали ҳосилдорликни кўпайтириш, исрофни камайтириш имкони кенгаймоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири