Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барқарор ривожланишнинг инновацион ёндашувлари муҳокама қилинди
15:22 / 2025-04-15

Жорий йилнинг 15 апрель куни Ўзсаноатқурилишбанк томонидан Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти билан ҳамкорликда “Яшил иқтисодиётга ўтиш: муаммолар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Жорий йилги Давлат дастурида глобал экологик муаммоларни ҳал қилишда илм-фан ва иқтисодиёт тармоқлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро тажрибани ўрганиш ва инновацион ёндашувларни жорий этиш вазифалари белгиланди.

Анжуманда маҳаллий таълим ва молия муассасалари билан бир қаторда, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Франция Тараққиёт агентлиги, Яшил ўсиш бўйича глобал институт (GGGI), шунингдек “Fitch Ratings”, “PricewaterhouseCoopers”, “BUREAU VERITAS” каби нуфузли халқаро ташкилотлардан етакчи мутахассислар, шунингдек, тадқиқотчи-олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида “яшил” иқтисодиётдаги сўнгги тенденциялар, ESG тамойиллари, қайта тикланувчи энергия, иқлим ўзгаришига мослашиш ва уни юмшатиш бўйича чоралар, шунингдек “яшил” молиялаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Миллий “яшил” таснифни шакллантириш ва халқаро сертификатлаш стандартларини жорий этиш орқали барқарор ривожланишга олиб келадиган механизмлар кўриб чиқилди.

Ўзсаноатқурилишбанк "яшил" иқтисодиётга ўтишни стратегик йўналиш сифатида танлаган. Банк Бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Якубов таъкидлаганидек, юзлаб “яшил” лойиҳалар молиялаштирилган, хорижий молия институтлари билан ҳамкорликда “яшил” кредит линиялари жалб этилган, ESG стандартлари жорий қилинган. Қолаверса, банк экологик ва ижтимоий йўналишдаги ташаббусларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

– Жорий йил бошида “Sustainable Fitch” халқаро агентлиги томонидан Ўзсаноатқурилишбанкка умумий 59 балл билан “3” даражали ESG рейтинги берилди, – деди Шуҳрат Якубов. – Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан банкнинг “яшил” савдони молиялаштиришдаги ҳиссаси бир неча бор эътироф этилди.

Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори Илҳом Маматқулов таълим соҳасининг ушбу жараёндаги ўрнига алоҳида урғу берди:

–Бугунги кунда олий таълим муассасаси фақат кадрлар тайёрлаш маскани эмас, балки келажак етакчиларини шакллантирувчи, экологик ва технологик хатарларга жавоб бера оладиган трансформация маркази бўлиб хизмат қилмоқда, – деди у.

Анжуман чоғида илғор молиявий воситалар, банкларнинг барқарор ўсишга қўшаётган ҳиссаси ҳақида ҳам маърузалар тингланди. Очиқ мулоқотлар, тажриба алмашинув ва янги халқаро ҳамкорликларнинг асоси қўйилди.

Ш.Маматуропова, ЎзА