Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барқарор ривожланиш йўлида парламент ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги кучаяди
09:37 / 2023-02-24

БМТ Бош ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ишлаб чиқилган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюция бир овоздан маъқулланган.

Ўзбекистон парламенти палаталари эса мазкур резолюцияни амалга ошириш бўйича қўшма қарор қабул қилган. 13 йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган «йўл харитаси» тасдиқланган.

Унда кўзланган мақсадлар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган «инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш» тамойили билан уйғундир.

Тошкентда «Парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш ва аҳолининг хабардорлигини оширишдаги ўрни» мавзусида ўтказилган халқаро давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.

Мазкур халқаро тадбир Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, ННТ, Фридрих Эберт номидаги жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Сенат раиси, Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Норбоева бу жараёнда манфаатлар мувозанатининг самарали механизми яратилганини қайд этди. Соҳада парламент назорати ўрнатилди. Хусусан, миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссияси тузилди.      

– Парламент комиссияси томонидан 10 та миллий мақсад ва унинг 51 та вазифаси ҳамда 81 индикатори бўйича ҳудудларда барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг бажарилиши ҳолати ўрганилди, – деди Т.Норбоева. –  Ўрганиш якуни юзасидан парламент комиссияси мажлисларида 28 вазирлик ва идора, шу жумладан, мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбарининг ахбороти эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Маъруза ва муҳокамалар мобайнида экспертлар давлатимиз раҳбари сўнгги етти йил ичида БМТ Бош ассамблеяларида умумбашарий муаммолар ечимига оид ўндан зиёд ташаббус билан чиққани ва, энг муҳими, мазкур ташаббусларнинг барчаси қўллаб-қувватланиб, тегишли резолюциялар қабул қилинганига эътибор қаратди.

Сенаторлар, депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этган тадбирда резолюцияни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

 

Н.Абдураимова, ЎзА