Иқтисодиёт ва молия вазирлигида барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда солиққа тортиш тизимини ислоҳ қилишнинг аҳамиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Вазирлик мутахасислари ва БМТ Тараққиёт дастури экспертлари иштирокида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикасини тараққий эттиришда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг аҳамияти, бунда солиқ сиёсатининг юритилиши, солиққа тортиш тизимини ислоҳ қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимидаги миллий мақсад ва вазифалар, хусусан, 10-мақсад (Мамлакат ичида тенгсизликни унинг барча кўринишларида қисқартириш), 16-мақсад (Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида тинчликсевар ва очиқ жамиятлар барпо этилишига кўмаклашиш) ва 17-мақсад (Барқарор ривожланиш мақсадларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва бу борадаги ишларни фаоллаштириш)га эришиш йўлида амалга оширилаётган ишлар муҳимдир.

БМТ Тараққиёт дастури вакиллари келгусида барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда мамлакат солиқ тизимини баҳолаш бўйича ишларни давом эттириш ниятида эканликларини билдирди.
Таъкидланишича, миллий БРМга эришиш учун солиқ тизимини янада такомиллаштириш бўйича БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳим аҳамият касб этади, дейилади вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси хабарида.
ЎзА мухбири Н. Зиёдуллаева тайёрлади.