2016 йилда мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Ушбу жараён Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган ва 2016 йил 1 январдан ташкилотга аъзо давлатлар фаолиятига татбиқ этилган БРМга эришиш стратегиясига ҳамоҳанг эканлиги билан аҳамиятлидир.
Хусусан, Давлат раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан жорий этилган Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, дунёнинг илғор демократик давлатлари қаторидан жой олиши ва жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллаши асосий мақсад этиб белгиланган Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналиш доирасида бошланган ислоҳотлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси билан изчил давом эттирилмоқда.
Эътиборлиси, белгилаб олган стратегияларимизнинг йўналиш ва мақсадлари БМТ Бош ассамблеясининг 2030 йилгача эришиш мақсадида қабул қилинган БРМнинг 17 та стратегиясига тўлақонли мос келади. Хусусан, Ўзбекистон ўтган давр мобайнида нафақат БМТнинг БРМни қўллаб-қувватлаб келмоқда, шу билан бирга, уларни амалга оширишга қаратилган муҳим ташаббусларни ҳам илгари сурмоқда.
Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган ташаббус фикримиз тасдиғидир. Давлатимиз раҳбари ушбу нутқида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этганди.
Куни кеча эса, БМТ Бош ассамблеяси «Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияни қабул қилди.
Ушбу резолюцияда БРМга эришишнинг барча мақсадларида парламентлар ролини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби мақсадларга устуворлик қаратилган. Эндиликда дунё парламентлари ўз фаолиятиини резолюцияда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда янги босқичга олиб чиқиши мумкин бўлади.
Хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси аъзо давлатларни миллий парламентларни қўллаб-қувватлашга, уларни Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш йўлидаги фаолият ва буни назорат қилиш жараёнларига, айниқса, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, шунингдек, ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун уларга ёрдам беришга чақиради.
Шу боис мазкур ҳужжат БМТга аъзо мамлакатлар ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди. Хусусан, Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг мамлакатимиз халқи ва давлатимиз раҳбарини резолюция қабул қилингани билан самимий табриклаб, Президентимизга ўринли таклиф учун миннатдорлик билдирди.
Ўрни келганда айтиб ўтиш жоизки, 2020 йилда БРМга эришиш бўйича Ўзбекистон илк бор ўзининг ихтиёрий Миллий маърузасини тақдим этган эди. Шу билан бирга, ҳукумат идораларининг парламент олдидаги ҳисобдорлиги оширилди. Барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда ҳамда қабул қилинган қонунларнинг амалиётда сўзсиз ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашда Олий Мажлис палаталарининг ўрни мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, тараққиёт стратегияси доирасида Давлат бюджетини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилишда парламент томонидан масъул ташкилотларга аниқ стратегик вазифаларни қўйиш ва натижага қараб уларга сўров юбориш амалиёти жорий қилинмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг парламентни давлат ҳокимияти тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ички ва ташқи сиёсатга оид муҳим вазифаларни ҳал этишдаги ваколатини кенгайтириш ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бу эса, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада юксалишига, илгари сураётган ташаббусларимиз сайёрамиз доирасида кенг қулоч ёйишига хизмат қилади.
Музафара Абдиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати