Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида глобал ҳамкорлик
16:46 / 2021-06-09

Жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказиладиган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форуми юзасидан брифинг ўтказилди.

2015 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалаларга оид 17 та глобал мақсад ва 169 та вазифадан иборат 2030 йилга қадар барқарор ривожланишнинг ўзига хос ҳаракатлар режаси тасдиқланган.

Барқарор ривожланиш мақсадлари инсон ҳаёти, яшаш тарзи ва турмуш даражасини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли. Барқарор ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга ошириш даври мамлакатда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос келади.

Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та йўналиши глобал мақсадлар билан ҳамоҳанглиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилган. Бу борада мамлакатимиз ҳар доим халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига ўзининг содиқлигини намоён этиб келган.

Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳам ўзининг қатъий тарафдор эканлигини бир неча маротаба маълум қилган. Энг асосийси, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида муҳим ташаббусларни илгари сурган.

2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

17 та глобал мақсадларнинг 16 таси қабул қилинган. 2018 йилда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича 125 та индикатор, яъни мақсадли кўрсаткичларни қабул қилган бўлсак, бугунга келиб, уларнинг сони 200 дан ортди.

Парламент томонидан ҳар битта вазифа ва индикаторлар алоҳида назоратга олиниб, Парламент комиссиясининг мажлисларида ушбу мақсадли кўрсаткичлар бўйича эришилган натижалар муҳокама қилиб борилмоқда.

Ўтган йили давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади. Президентимиз илк маротаба мана шундай юқори минбарда туриб, давлат тилида нутқ сўзлади ва халқаро ҳамжамият олдига тезкорлик билан ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалаларни, таклифларни ва ташаббусларни илгари сурди.

Президентимизнинг шу ва бошқа ташаббуслари парламент, ҳукумат, фуқаролик жамияти институтлари, эксперт-олимлар, бизнес ҳамда ОАВ вакиллари томонидан кенг муҳокама қилинди. Муҳокамалардан сўнг, Олий Мажлис палаталари томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик мавзусида халқаро форум ўтказиш таклифи билдирилди. Бу таклиф қўллаб-қувватланди ва 2021 йил давлат дастурида ўз аксини топди.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда бевосита бутун дунё мамлакатлари парламентлари саъй-ҳаракатини бирлаштириш ва ҳамкорлик алоқаларини мувофиқлаштиришга қаратилган бу даражадаги жуда катта тадбир ҳали бирорта мамлакатда ўтказилмаган.

Биринчи бўлиб Ўзбекистон ушбу ташаббус билан чиқди. Барча парламентлар Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлади. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида жуда кўплаб ишлар қилинди, ташкилий-ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.

Бу борада Ҳукумат томонидан олиб борилаётган барча ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. Ҳукумат томонидан олиб борилаётган ишлар устидан парламент назоратини таъминлаш мақсадида икки палата раҳбарлигида Парламент комиссияси тузилди.

Мамлакатимизда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан ҳам баҳоланиб келинмоқда. Хусусан, Германиянинг Бертелсман жамғармаси томонидан олиб бориладиган Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингида 193 та мамлакат орасида Ўзбекистон 66-ўринни эгаллаган.

– Умуман олганда, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида эришган ютуқларимиз жуда кўп. Энди буларнинг барчасини дунё ҳамжамиятига кўрсатишимиз, халқаро майдондаги ўрнимизни мустаҳкамлашимиз зарур. Албатта, эришган ютуқларимиз билан бирга тезкорлик билан ҳамда истиқболда ҳал қилишимиз керак бўлган муҳим масалалар ҳам бор. Шу мақсадда 10 июндан 20 июнгача Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳафталиги ўтказилади, – деди сенатор Наримон Умаров.

Ҳафталик доирасида туркум давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда Ўзбекистон томонидан қабул қилинган ҳар битта мақсад, яъни 16 та мақсад, шу жумладан, 125 та вазифа бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар муҳокама қилинади.

Ушбу ҳафталик ҳар битта мақсад ва вазифалар бўйича олдимизда турган муҳим масалаларни муҳокама қилиш, мавжуд муаммоларни танқидий кўриб чиқиш, ва энг асосийси, тезкор ва истиқболда ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалалар бўйича таклифларни ишлаб чиқишда яхши мулоқот майдони бўлади.

Ушбу ҳафталик 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик мавзусида халқаро форум ўтказиш билан якунланади.

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби ушбу форумда иштирок этишга жуда катта иштиёқ билдириб, мамлакатимизга илк маротаба ташриф буюрмоқда. Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган қизиқишини орттирмоқда.

Умуман олганда, барқарор ривожланиш соҳасида мамлакатимизда эришилган ютуқлар ҳамда ташаббуслар дунё ҳамжамияти билан муҳокама қилиниб, тарғиб этилади ва шу орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи мустаҳкамланади.

 

Нурилло Насриев, ЎзА