ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўтган йили Фарғона вилояти ташқи савдо айланмаси 2 миллиард 556 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ижобий ўсиш динамикаси кузатилди. Хусусан, экспорт ҳажми 959,8 миллион долларга етиб, 2024 йилга нисбатан 31 фоизга ошди. Бу каби салмоқли натижалар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан яқин ҳамкорлик, божхона расмийлаштируви жараёнларини рақамлаштириш ва соддалаштириш, шунингдек, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ҳисобланади.
Фарғона вилоятининг экспорт географияси ҳозирга келиб 66 та давлатни қамраб олди. Россия, Қирғизистон, Афғонистон, Туркия, Қозоғистон, БАА, Литва каби давлатлар асосий савдо ҳамкорлари бўлиб, экспорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари етакчи ўринни эгалламоқда. Шунингдек, тўқимачилик, кимё саноати ва тош-керамика маҳсулотлар ҳам сезиларли улушни ташкил этди.
Вилоятда экспорт фаолияти билан шуғулланаётган субъектлар сони 800 тадан юқорилади. Бу эса ҳудудда тадбиркорлик фаоллиги ошганини ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади. Экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими кенг қўлланилмоқда. 2025 йилда ушбу режимдан фойдаланган тадбиркорлар сони 55 тага етиб, импорт қилинган хомашёлар асосида 32 миллион долларлик тайёр маҳсулотлар ташқи бозорга чиқарилди.
[gallery-27304]
Вилоят божхона бошқармаси экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш баробарида божхона назорати соҳасида қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш самарадорлигини ҳам изчил оширмоқда. Божхона тўловларини ундиришда жорий этилган илғор ахборот технологиялари, янгиланган хавфни бошқариш тизими, божхона аудити ва лаборатория имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
Ўтган йили божхона тўловларидан қочишга қаратилган схемалар орқали олиб ўтилаётган 95 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги товарлар аниқланди. Шунингдек, йирик миқдорда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланувига чек қўйилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА