Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзлади.
Турли минтақаларда авж олаётган зиддиятлар боис анъанавий логистика йўналишлари мутлақо ўзгараётгани қайд этилди. Маҳсулот етказиш занжиридаги узилишлар хомашё ва истеъмол товарларининг қимматлашишига сабаб бўлаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари буларнинг барчаси мавжуд инфратузилмага бўлган юкламани кескин ошириши ва глобал иқтисодий тараққиётга катта тўсиқ бўлишини қайд этди.
Экспертлар фикрига кўра, 2030 йилгача дунёда янги инфратузилма учун 15 триллион доллар инвестиция талаб қилинади. Шунингдек, хорижий инвестициялар оқими сўнгги икки йилдан буён 10 фоиздан камаймоқда, дунёда молиявий ресурслар қарийб 2 баробар қимматлашди.
Бу муаммолар барча мамлакатларнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишини қийинлаштираётгани кўрсатиб ўтилди. Бундай шароитда глобал хавф-хатарлар оқибатларини юмшатиш, барқарор ўсиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашда халқаро молия ташкилотларининг роли янада ошиб бормоқда.
– Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки қисқа давр ичида 55 миллиард долларлик лойиҳалар портфели билан нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсидаги энг нуфузли молия ташкилотларидан бирига айланганини алоҳида эътироф этиш лозим, – деди Президент.
ЎзА