Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Маҳаллақози” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган фуқаро Юсуф Исмоилов бетоб бўлиб, ётоққа михланиб қолган эди. Натижада оиланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғирлашди.
Мазкур ҳолатни инобатга олган ҳолда, оилани оғир ижтимоий вазиятдан олиб чиқиш мақсадида маҳалла ижтимоий ходими Дилноза Сафарова томонидан оилага индивидуал хизматлар режаси ишлаб чиқилди. Юсуф акага “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида янги хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.

Шунингдек, Юсуф Исмоиловга ногиронлик аравачаси етказиб берилди. Бу эса унинг кундалик ҳаракатланишини енгиллаштириб, реабилитация жараёнига ижобий таъсир кўрсатди. Оилани моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида келини Иқбол Раҳимовага бола нафақаси тайинланди. Шунингдек, йил давомида электр энергияси ва табиий газ учун компенсация ажратилиб, қиш мавсумида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Болаларнинг таълим ва тарбияси ҳам эътибордан четда қолмади. Набираси Шоҳрух ҳудуддаги 14-сонли умумтаълим мактабида дарсдан кейинги узайтирилган кун гуруҳига жалб қилинди. Набираси Шаҳризода эса давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасасига имтиёзли асосда жойлаштирилди. Шунингдек, Юсуф аканинг турмуш ўртоғи Севара Исмоиловага ногиронликни белгилаш бўйича ариза киритилиб, тиббиёт бирлашмага йўналтирилди.

Кўрсатилган тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари натижасида Юсуф аканинг соғлиғида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилди. Бугунги кунда у ҳассага таянган ҳолда мустақил юриш имкониятига эга бўлиб, ҳаётга бўлган ишончи ортмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.