Ўзбекистон-Венгрия

Давлатимиз раҳбарининг Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашуви ва унда эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очди, десак асло муболаға эмас. Зеро, ушбу ташриф доирасидаги музокаралар натижалари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг очиқ, прагматик ва тенг манфаатларга асосланганлигини яна бир бор тасдиқлади.
Бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар оддий ҳамкорлик эмас, балки стратегик шериклик даражасига етиб борганлигини кенг ҳамжамият эътироф этмоқда. Бу узоқ муддатли истиқболга асосланган ҳамкорликдан далолат беради.
Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсишга эришилгани эътироф этилиб, бу ҳали мавжуд имконият ва салоҳиятни тўлақонли ўзида акс эттирмагани таъкидланди. Шу боис яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказиш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, кимё ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Ўзбекистон ва Венгрия муносабатларида таълим соҳасидаги ҳамкорлик ўта муҳим йўналишлардан бири сифатида кўзга ташланади. Бу бежиз эмас. Боиси, таълим мамлакатимиз тараққиёти барқарорлигининг гарови сифатида танланиб, давлатимиз раҳбари хориж сафарларининг ҳар бирида ўша давлатнинг соҳада эришган ютуқларини кузатади. Илғор тажрибаларни жорий этишда ҳамкорлик ришталарини боғлайди. Мазкур ташриф доирасида имзоланган ҳужжатлар орасида Венгриянинг Дебрецен университети таълим дастурларини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича келишув ҳам бор. Ушбу ҳамкорлик нафақат юқори малакали кадрлар тайёрлашда, балки илмий тадқиқот салоҳиятини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик бўйича имзоланган ҳужжатларда маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ташаббуслар ҳам ўз ифодасини топган.
Учрашувларда Венгриядаги ўзбек диаспораси билан ҳамкорлик, маданий тадбирлар, концерт ва фестивалларни ташкил этиш, жаҳон мероси рўйхатидаги қўшма тадқиқотлар каби йўналишлар муҳокама қилинди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, мамлакатларимизни нафақат иқтисодий манфаатлар, балки умумий қадриятлар, жумладан, миллий суверенитет, анъанавий қадриятларни ҳимоя қилиш, глобал инқирозларга қарши биргаликда курашишга тайёрлик каби қарашлар ҳам бирлаштиради. Томонлар халқаро ташкилотлар доирасидаги фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олгани бу борадаги интилишларни янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.
Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. Мазкур ташриф ва унинг натижалари эса Ўзбекистоннинг Марказий Европадаги муҳим ҳамкорларидан бири сифатида Венгрия билан алоқаларини ҳар томонлама чуқурлаштириш орқали мамлакатимизнинг бутун минтақадаги обрў-эътиборини оширишга хизмат қилади. Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги бугунги стратегик шериклик икки халқ манфаатларини тўлиқ акс эттирадиган, доимий мулоқот ва амалий ҳамкорликка асосланган, узоқ муддатли ҳамда барқарор муносабатлар моделига айланмоқда. Бу эса нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа учун ҳам барқарорлик ва тараққиётга хизмат қилади.
Алижон Жалилов,
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА