Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида “Ривожланаётган бозорларда CSR ва ESG” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, “Care CSR” компанияси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирликлар мутасадди раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий ташкилотлар экспертлари ҳамда бизнес вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, мазкур анжуман мамлакатимизда барқарор бизнес амалиётини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, корпоратив ижтимоий масъулият (CSR) ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини татбиқ қилиш бўйича фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган.
Анжуманда CSR (Корпоратив ижтимоий масъулият) ва ESG (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тамойилларини татбиқ қилиш) тушунчаларининг мазмун-моҳияти, устувор вазифа ва мақсадлари ҳақида сўз борди.
“CАРЕ CСР” МЧЖ асосчиси ва директори Малика Шарипованинг таъкидлашича, мазкур анжуман Ўзбекистонда масъулиятли амалиётлар бўйича кўпроқ хабардорликни оширишга хизмат қилади.
– Анжуман ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали бўлди. Унда давлат ташкилотлари, маҳаллий ва хорижий ташкилотлар ҳамда бизнес вакиллари томонидан Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда кўрилаётган чоралар юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хусусий секторнинг роли, иқлим ўзгаришида инновацион усуллар ва диверсификация масалалари юзасидан фикр алмашилди, – деди М.Шарипова.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
ЎзА