Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барпо этилган боғлар ёшларнинг даромад манбаига айланади
18:33 / 2020-05-20

Ўрганишларга кўра, туманда 3118 нафар ана шундай ёшлар борлиги аниқланди.


Андижон туманидаги Президент Халқ қабулхонаси томонидан секторлар раҳбарлари билан ҳамкорликда уюшмаган ҳамда иш билан банд бўлмаган ёшларни иш билан таъминлаш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Хонадонларга кириш, сўровномалар ўтказиш орқали тумандаги 77 та маҳаллада ишлашни хоҳловчи, лекин ишсиз ёшларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг қандай фаолият билан шуғулланиш истаги борлиги ўрганилди. Ўрганишларга кўра, туманда 3118 нафар ана шундай ёшлар борлиги аниқланди.

Туман ҳокимининг қарори билан иш билан банд бўлмаган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида тумандаги Т.Мирзаев, Й.Охунбобоев, З.М.Бобур массивларидаги адир зоналаридан 97 гектар ер майдони боғ ташкил қилиш, деҳқончилик билан шуғулланиш учун 447 нафар ёшларга 20 сотихдан ажратиб берилди.

Эрта баҳордан Т.Мирзаев массивига туман ҳокимининг саъй-ҳаракати билан деҳқончилик қилиш учун ажратилган ер майдонларига қарийб 5 километр узунликдаги қувурлар тортилиб насос ёрдамида сув келтирилди. Экиш учун мевали дарахт кўчатлари етказиб берилди.

Берилган ер майдонларига ёшлар томонидан олма, гилос, нок, ёнғоқ, бодом сингари мевали кўчатлари ўтказилди, Бундан ташқари, кўчат ораларига сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар экилиб, парвариш қилинмоқда.

Айни кунда Т. Мирзаев массивидаги 42 гектар ер майдонидаги Ёшлар боғида асосан Храбек, Хортумва Бўтақора қишлоқларидаги маҳаллаларда яшовчи 173 нафар ёшлар деҳқончилик билан шуғулланмоқда. Бу ерга асосан ёнғоқ, бодом, анор, олма, гилос ва бошқа турдаги мева кўчатлари экилган. Шу кунларда кўчатлар баравж ўсмоқда. Насиб этса, яқин йиллар ушбу боғ ёшларга катта даромад келтира бошлайди. Айни кунда эса кўчат ораларида нўхот, ловия, мош ҳамда сабзавот экинлари етиштирилмоқда.

- Ёшим 27 да, аввал боғдорчилик фермер хўжалигида ишлаганман, — дейди Отчопар маҳалласида яшовчи Сирожиддин Тўлашбоев. – Орада ишсиз қолиб, анча қийинчилик кўрдим. Президентимиз ташаббуси билан мен каби ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер ажратиб берилгани очиғи, мен учун кутилмаган совға бўлди. Бу меҳнат қилиб, оилага даромад киритиш имконини берди. Бундан беҳад мамнунман ва юртбошимизга мингдан-минг раҳмат айтаман.

Боғдорчилик ўзим ёқтирган, билган соҳа. Шу боис асло қийналаётганим йўқ. Ердан унумли ва самарали фойдаланиш учун астойдил меҳнат қиламан.

Амалга оширилаётган бу ишлар ёшлар бандлигини таъминлаш билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ҳамда аҳоли даромадларини ошириш, пировардида халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.