Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Барлос” жамоаси мусобақа ғолиби
12:01 / 2026-02-09

Навоий шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда “Турон йўлбарслари” ҳарбий-спорт мусобақасининг Навоий вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Бугунги кунда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбий-амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда жисмоний ва маънавий баркамолликни ошириш давлат сиёсатида устувор вазифа саналади. Шу мақсадда мамлакатимизда турли танлов ва мусобақалар ташкил этилиб, ёшларнинг фаоллиги ва масъулияти ошириб борилмоқда. Ана шундай муҳим тадбирлардан бири “Турон йўлбарслари” ҳарбий-спорт мусобақасидир.

2025 йил 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Миллий гвардия томонидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод, спорт, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида “Турон йўлбарслари” мусобақаларини ташкил этиш юзасидан қўшма қарор қабул қилинган эди.

Агентлик тасарруфидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган “Ватан таянчи” отрядлари аъзоларидан иборат 8 та жамоа 9 та шарт бўйича ўзаро беллашиб, жисмоний тайёргарлик, ҳарбий билим, чаққонлик, интизом ва жамоавий ҳамжиҳатликда ўз маҳоратларини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, Навоий шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактабнинг “Барлос” жамоаси ғолиб деб топилди ва республика босқичида иштирок этиш йўлланмасига сазовор бўлди. Иккинчи ўринни Президент мактабининг “Жасорат бургутлари” жамоаси, учинчи ўринни эса Хатирчи туманидаги ихтисослаштирилган таълим муассасаси жамоаси бўлган “Шунқорлар” қўлга киритди.

Мусобақа сўнггида ғолиб ва совриндор жамоалар муносиб равишда тақдирланди.

 А.Бўриев, ЎзА