English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Баркамол авлод" ўйинларининг бош соврини самарқандликларга насиб этди
16:12 / 2022-06-17

Мамлакатимизда деярли бир йил давом этган академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасидаги "Баркамол авлод" спорт ўйинлари 100 минг нафарга яқин ёшларни қамраб олганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Мазкур ўйинлар спортнинг 12 та тури яъни, бадминтон, баскетбол, белбоғли кураш, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, кураш, стол тенниси, футбол, шахмат, шашка йўналишларида ўтказилиб, мусобақаларнинг финал босқичлари республикамизнинг барча ҳудудларида спорт турлари бўйича навбатма-навбат ташкил этилди.  

Куни кеча пойтахтимиздаги "Юнусобод" спорт мажмуасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда тегишли ташкилот масъуллари иштирокида "Баркамол авлод-2021" спорт мусобақаларида умумжамоа ҳисобида ғолиб чиққан, совриндор бўлган жамоаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаларини топшириш маросими ташкил этилди.  

Шу ўринда айтиш жоиз, "Баркамол авлод" спорт ўйинларининг биринчи босқичида 71 минг 406 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида 24 минг 380 нафар, республика финал босқичида 1 минг 302 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этди.  Мазкур спорт тадбирлари ўтказилиши натижасида ҳудудларда, таълим масканларида жисмоний тарбия ва спорт инфратузилмаси яхшиланди. Иқтидорли спортчилар сараланди.  

"Баркамол авлод-2021" спорт мусобақалари якуни бўйича умумжамоа ҳисобида Самарқанд вилояти 1-ўринни, Хоразм вилояти вакиллари 2-ўринни, Бухоро вилоятининг баркамол ёшлари фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Уларга спорт ўйинлари низомига мувофиқ тегишли даражадаги дипломлар, медаллар ҳамда "Президент совғалари" тантанали топширилди. 

 

Т.Рўзиев, ЎзА