Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Баркамол авлод” мактабининг имкониятлари кенгаймоқда
19:08 / 2022-10-31

Юртимиз келажагимиз бўлган ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик замирида Ватан равнақини, унинг порлоқ истиқболини таъминлашдек улуғ мақсад ётади. Хусусан, мамлакатимизда ёш авлодни, айниқса, ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорига асосан ташкил этилган “Баркамол авлод” болалар мактаблари ўқувчи-ёшларнинг иқтидор ва истеъдодларини янада юксалтиришда, интеллектуал салоҳиятини оширишда, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларида яқиндан ёрдам бермоқда.

Бу борада Андижон вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунда барча туман ва шаҳарларда, шунингдек, вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда вилоятдаги “Баркамол авлод” болалар мактабларидаги 506 та тўгаракка 16,5 минг нафарга яқин ўқувчи жалб этилган. Биргина вилоят “Баркамол авлод” мактабининг ўзида бадиий, техник, спорт, санъат, қўл меҳнати, экология ва ўлкашунослик каби 7 та йўналишдаги 24 та тўгарак фаолият олиб бормоқда. Уларга 1 минг 100 нафарга яқин ўқувчи ёшлар қамраб олинган.

– Мактабимизда болаларни турли тўгаракларга жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Андижон вилояти “Баркамол авлод” болалар мактаби директори вазифасини бажарувчи Муносибхон Аҳмадалиева. – Мактабимизда ташкил этилган тўгараклар машғулотларини самарали ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Барча қулайликларга эга, кенг ва ёруғ хоналарда бир пайтнинг ўзида 300 нафар ўқувчи машғулотларда қатнашиши мумкин.

Мактабнинг тўгарак раҳбарлигига билимдон, ўз ишини яхши биладиган, ташаббускор мутахассислар жалб этилган. Айниқса, машғулотларни қизиқарли, илғор ва интерактив усуллар асосида ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис ҳам мактабимиз ҳамиша ўқувчилар билан гавжум.

– Икки йилдан буён мактабда ташкил этилган шахмат тўгарагига қатнашиб келаман, – дейди Андижон шаҳридаги 4-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Муҳаммадали Муталибжонов. – Дарслардан кейин тўгаракка келиб, тажрибали устозлардан шахмат ўйинининг сир-асрорларини, техникасини ўрганяпмиз. Қатор шахмат мусобақаларида қатнашиб, маҳоратимизни оширяпмиз.

[gallery-9356]

Вилоятдаги “Баркамол авлод” болалар мактабларида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, маҳоратларини янада юксалтириш борасида самарали ишлар олиб борилаётгани натижасида эришилаётган ютуқлар салмоғи ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 12 нафар ўқувчи халқаро кўрик-танловларда совриндорлар қаторидан жой олди.

Вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан халқ таълими бошқармаси, туман, шаҳар ҳокимликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Маънавият-маърифат маркази бўлими ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар, танловларда ҳам ўқувчилар фаол иштирок этмоқда.

Масалан, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликдаги “Варраклар сайли” тадбирида жуда кўп ўқувчилар ўз ижодий салоҳиятларини намойиш этди. “Робототехника” тўгараги ишларини ривожлантириш бўйича республика семинарида мутахассислар, ўқувчилар робототехника йўналишидаги янгиликлар, илғор иш услублари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Бундан ташқари, “Ижодкор тилшунос”, “Мустақиллик ижодкорлари”, “Ёғоч ўймакорлиги”, “Юмшоқ ўйинчоқлар тайёрлаш”, “Тўқиш”, “Гиламдўзлик”, “Зардўзлик” ва “Дўппидўзлик” ва бошқа қатор йўналишларда ўтказилган кўрик-танловлар, фестиваллар ўқувчиларнинг ўзлари қизиққан соҳа сир-асрорларини пухта ўрганишга, тажрибасини бойитишга, иқтидор ва имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришларига ёрдам бермоқда.

– Ўтказилаётган танлов ва фестиваллар бизга кенг имкониятлар эшигини очмоқда, – дейди “Мустақиллик ижодкорлари” фестивали вилоят босқичининг “Юмшоқ ўйинчоқлар” йўналиши ғолибаси, Андижон шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби тўгарак аъзоси Насиба Кўчканова. – Ишончим комилки, тўгарак машғулотларида ўрганган билим ва ҳунарларимиз келгусида бизга албатта, қўл келади.

Умуман, ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар ўқувчиларнинг турли фанлар, техник ва ижодий йўналишларидаги билимларини юксалтирмоқда, уларнинг меҳнат, ижод қилиш кўникмаларини мустаҳкамламоқда.

Вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби раҳбариятининг саъй-ҳаракати билан бугунги кун талабидан келиб чиқиб, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун “Оилага тайёрлаш” тўгараги ва ўқувчилар томонидан тайёрланган қўл меҳнати буюмлари сотиладиган дўкон ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, “Баркамол авлод” болалар мактаблари ўқувчиларнинг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол инсонлар бўлиб камол топишларига, уларнинг ўзлари қизиққан соҳалар бўйича билим, маҳорат ва истеъдодларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (фото), ЎзА