Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳамда “Келажак марказлари” фаолияти бўйича матбуот анжумани ва “Баркамол авлод болалари” номли республика фестивали бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг масъул раҳбарлари, ҳудудларда жойлашган “Баркамол авлод” болалар мактабларининг директорлари ва ходимлари, иқтидорли ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Қ. Исмоилов Президентимизнинг 2025 йил 8 сентябрдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва ундан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида кенг тушунча берди. Шундан сўнг, анжуманда Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Д. Казакова мазкур мактабларда сўнгги йилларда қилинган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида маъруза қилди.
Таъкидланганидек, мазкур қарор билан мактабдан ташқари таълим тизимини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб, ўқувчиларда замонавий ва талаб юқори касбларга қизиқиш уйғотиш, интерактив таълим муҳитини шакллантириш орқали болаларнинг илмий, техникавий, ижодий ва спорт йўналишидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, болаларнинг етакчилик қобилиятлари, шахсий ривожланишига қаратилган лойиҳаларни йўлга қўйиш, ўқувчиларнинг тарихга оид билимларини мустаҳкамлаш, уларда Ватанга садоқат, маданий мерос ва миллий қадриятларга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш белгиланди. Шунингдек, мактабдан ташқари таълим тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, соҳага малакали мутахассислар ва хусусий секторни жалб этишнинг самарали механизмларини жорий қилиш, моддий-техника базани халқаро андоза ва замонавий педагогик технологияларга мос равишда ривожлантириш муҳим йўналишлардан эканлиги таъкидланди.
Тадбирда журналистлар томонидан вазирлик раҳбарларига бугунги кунда жамоатчиликни қизиқтириб келаётган масалалар бўйича бир қанча саволлар берилиб, уларга тегишли жавоб олинди.
[gallery-25508]
Сўнгра “Баркамол авлод болалари” республика фестивалига навбат берилиб, унда ўтган ўқув йили давомида ўз йўналишлари бўйича фаоллик кўрсатган намунали ўқувчилар, мактаб ўқитувчилари ва директорлари ташкилотчилар томонидан махсус диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
– Дарсдан бўш вақтларимда Хўжайли туманидаги "Баркамол авлод" болалар мактабида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик, корейс тили ва IT тўгарагига қатнайман – дейди фестиваль ғолибларидан бири, Хўжайли туманидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Сабрина Мадаминова.–Мен бу фестивальда миллий каштачилик йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлдим. Келгусида устозларимнинг менга берган билимларини амалда қўллаб, юртимиз учун керакли малакали мутахассис бўлиб етишишга ҳаракат қиламан.
Тадбир “Баркамол авлод” болалар мактаблари тарбияланувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА