Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Баркамол авлод-2021”нинг илк ғолиблари маълум
09:55 / 2021-12-06

“Баркамол авлод-2021” спорт мусобақалари республика финал босқичининг дзюдо бўйича илк мусобақаси ўз якунига етди.

Нукус шаҳри мезбонлик қилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри академик лицей ва профессионал таълим муассасаларининг 250 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлари иштирок этишди.

Катта спорт байрамига айланиб кетган мусобақаларда спортчи-ёшлар 18 та вазн тоифасида чемпион номига эришиш учун курашишди. Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида қорақалпоғистонлик ёшлар биринчи ўринни қўлга киритишди. Иккинчи ўринга хоразмлик ёшлар лойиқ кўрилган бўлса,  учинчи ўрин самарқандликларга насиб этди.

– Мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари ёшларнинг истеъдодини намоён этишда катта мактаб бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, мазкур ўйинлар орқали минг-минглаб ёшлар спорт машғулоти билан қамраб олинмоқда. Айтиш лозимки, ҳозирги кунда ушбу ўйинларнинг дастури ишлаб чиқилди. 2021-2022 ўқув йили давомида мамлакатимиздаги академик лицей ва профессионал таълим муассасалари талабалари орасида 12 та спорт тури бўйича баҳслар ўтказилади. Нукусдаги дзюдо беллашувлари ўйинларнинг дастлабкиси бўлди, – деди мусобақалар жараёнида иштирок этган Ўзбекистон  “Талаба” спорт ассоциацияси раиси Эркин Қодиров.

“Баркамол авлод-2021” дастуридан ўрин олган енгил атлетика бўйича республика финал босқичи 10-14 декабрь кунлари Жиззах вилоятида бўлиб ўтади.

Т. Рўзиев, ЎзА