Андижон шаҳридаги экопаркда талабалар шоуси тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодларини юзага чиқариш мақсадида ўтказилаётган “Ташаббусимиз, иқтидоримиз, куч қудратимиз – Ватан учун!” шиори остидаги талабалар шоусининг навбатдаги манзили Андижон шаҳридаги экопарк бўлди.
Вилоятдаги олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда талаба ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўқиб, пухта билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши учун кенг имкониятлар яратилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-12080]
Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан олий ўқув юртлари раҳбарияти вакилларига муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг тўлов-шартнома пулининг 35 фоизини тўлаб бериш учун ваучерлар топширилди.
– Ҳарбий қўмондонликнинг имтиёзли тавсияномаси асосида ўқишга кирганман, – дейди Андижон давлат педагогика институти Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқий таълим йўналиши талабаси Акбаржон Акмалжонов. – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлов-шартнома пулимнинг 35 фоизи тўлаб берилганидан нафақат мен, балки оила аъзоларим ҳам хурсанд бўлди. Фаол талабалар сафида бўлиб, бундай эътибор ва кўмакка муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.
Тадбир доирасида вилоятдаги таниқли санъаткорлар, олий ўқув юртлари бадиий жамоалари томонидан намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга хуш ва кўтаринки кайфият улашди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА