Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барчаси ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиши учун
10:52 / 2021-08-10

Мамлакатимизда кейинги йилларда жисмоний тарбия ва спортини ривожлантириш, айниқса, болалар спорт объектларини барпо этиш, ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун кенг имконият яратиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Андижон вилоятида ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилаётир.  

Айни кунда вилоятдаги спорт, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар муассасалари, олийгоҳ ҳамда маҳаллаларда 5 минг 106 та спорт иншооти, яъни 30 та стадион, 852 та спорт зали, 43 та сузиш ҳавзаси, 1 та манеж, 4 минг 5 та спорт майдон ва майдончалар, 175 та бошқа спорт майдончалари мавжуд бўлиб, мазкур спорт иншоотларда 1 миллион нафардан зиёд аҳоли вакиллари, асосан, болалар спорт билан шуғулланиб келмоқда.  

– Вилоятда ҳозирда 18 таси болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 4 та ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 2 та мактаб интернати, 2 та футбол мактаби, шунингдек, Олимпия захиралари коллежи, жами 27 та спорт таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда, – дейди Андижон вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Азизбек Мақсумов. – Мазкур муассасаларда таҳсил олаётган 32,5 минг нафарга яқин ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур барча шароитлар яратилган.  

Сўнгги уч йил ичида юзлаб янги спорт иншоотлари фойдаланишга топширилди, қатор иншоотлар таъмирланиб, зарур турдаги спорт жиҳозлари билан таъминланди. Айниқса, умумтаълим мактабларида барпо этилган спорт заллари ўқувчи ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратди.

Аҳолини спортнинг оммавий турларига жалб қилиш, хусусан, ёшлар ва болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спорт билан шуғулланиш учун зарур барча шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, 2020-2021 йилларда вилоятдаги 882 та маҳалланинг 824 тасида "Workоut" (маҳалла ва кўча фитнеси) майдонлари ташкил этилди. Шунингдек, йил якунига қадар маҳалла худудларида 26 та бадминтон, 52 та стритбол майдончалари, 16 та велоспорт йўлаклари, 105 та мини-футбол майдонлари, 16 та саломатлик йўлаклари қурилиши режалаштирилган.

Амалга оширилган ишлар натижасида спорт билан шуғулланувчи болалар сафи ортиб бормоқда. Агар рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2011 йилда вилоятдаги 1 минг 400 га яқин спорт тўгарагида 40 минг нафар бола спорт билан шуғулланган бўлса, 2019 йилга келиб вилоятда фаолият юритаётган 2,5 мингга яқин спорт тўгарагида 100 минг нафардан зиёд болалар спорт билан мунтазам  шуғулланган.  

Минг афсуски, бу борадаги ишлар 2020 йилда пандемия сабаб бироз тўхтаб қолди.

Пандемия тартиблари юмшатилиши бошлаган кунлардан эътиборан вилоятда мазкур йўналишдаги ишлар жадал давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида туман, шаҳар, вилоят ҳамда республика миқиёсида ёшлар ва болалар ўртасида жуда кўп мусобақалар, оммавий спорт тадбирлари ўтказилди. Мазкур мусобақа ва тадбирларда, қолаверса, халқаро турнирларда андижонлик ёшлар фаол иштирок этиб, ўз иқтидор ва имкониятларини намоён этмоқда. Бундан ташқари, спортнинг қатор турлари бўйича Осиё, жаҳон чемпионатлари, олимпиада ўйинлари ғолиби бўлган машҳур спортчилар иштирокида маҳорат машғулотлари ўтказилганлиги болаларнинг спортга бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу ишлар самараси ўлароқ, айниқса, спортнинг сузиш, бокс, таэквандо, стол тенниси, каратэ, кикбоксинг, футбол турлари бўйича эришилаётган ютуқлар салмоқли бўлмоқда.  

Жорий йилнинг ўтган даврида республика ва халқаро миқиёсдаги мусобақаларда иштирок этган андижонлик ёш спортчилар томонидан 577 та олтин, 495 та кумуш, 717 та бронза, жами 1 минг 789 та медаль қўлга киритилди.  Эришилаётган ана шу ютуқлар албатта, спорт, жисмоний тарбия ва болалар спорти ривожига кўрсатилаётган эътиборнинг амалдаги самарасидир.

– Юртимизда биз ёшларнинг спорт билан шуғулланишимиз учун барча шароитлар яратиб берилган, – дейди Хонобод шаҳар Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўқувчиси Сарварбек Абдумаликов. – Бу бизга спортнинг сир-асрорларини, техникасини ўрганишимиз, юқори натижаларга эришишимиз учун кеннг имкониятлар яратиб бермоқда. Мен, яқинда мактабимиз жамоаси сафида Қирғизистон Республикасида ўтказилган Кикбоксинг бўйича Осиё кубоги  мусобақасида ўз вазн тоифам бўйича биринчи ўринга сазовор бўлиб, Венгрия давлатида бўлиб ўтадиган Жаҳон кубоги мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Энди ана шу мусобақада ҳам ғолиблар қаторидан жой олиш, юртимиз байроғини халқаро спорт майдонида баланд кўтариш учун бор имкониятимни ишга соламан.  

Айни кунда спорт билан мунтазам шуғулланаётган болалар билан келгусида ўтказиладиган турли халқаро мусобақалар, айниқса, 2025 йилда Тошкент шаҳри мезбонлик қилиши кутилаётган ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.

Бир сўз билан айтганда, жисмоний тарбия ва болалар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга берилаётган эътибор Андижонда ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлишига хизмат қилади.  

[gallery-3347]

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА